Амир Темур фарзандлари

08.04.2021

      Жаҳон тарихида ўчмас из қолдирган Соҳибқирон Амир Темур ҳаёти ва фаолияти ҳамиша жаҳон афкор оммасининг диққат марказида бўлиб келади. Бу табиий, чунки улуғ бобомиздай  ўзи учунгина яшамаган, Ватани-ю миллати деб  куйиб-ёнган, қилган ишлари  ўз замони  эмас, олис келажак учун ҳам хизмат этаётган жаҳоншумул сиймолар тарихда кўп эмас. Шу маънода Амир Темур даври тарихини, хусусан, унинг Шахсиятини, хонадони ва фарзандлари тарихини ўрганиш жуда-жуда муҳимдир.

  Маълумки, Амир Темурнинг тўрт ўғли бўлганлиги айтилади, шажараларда кўрсатилади, аммо унинг қизлари ҳақида сўз камроқ ёзилади, баъзан ёзилмайди ҳам.  Бунинг сабабини, ўғилларга валиаҳд сифатида қаралганлиги, бунга катта аҳамият берилганлигидан излаш керак. Лекин аслида  эса Соҳибқирон қизларига ўғилларидан кам бўлмаган, балки кўпроқ меҳр кўргизганлар, ҳамиша уларни авайлаганлар. Бу мавзуда Низомиддин Шомий билан Шарафиддин Али Яздий асарларида хийла маълумотлар бор.  Заҳматкаш темурийшунос олим Турғун Файзиев Хондамирнинг “Ҳабиб ус-сияр” асарида келтирилган “Насабнома”га суяниб, ўзининг “Темурийлар шажараси” китобида мавзуни батафсилроқ ёритади. Шуни таъкидлаш лозимки, китобда Соҳибқироннинг суюкли хотинларидан бири Туман-оқанинг отаси Амир Мусони Сароймулкхоним акаси,  деб янглиш ёзилади,  ҳолбуки, Қарши ҳокими Амир Мусо билан Сароймулкхонимлар ака-сингил эмас, балки тоға-жиян эдилар.  Агар улар ака-сингил бўлганларида эди, Амир Мусо ворисийлик русуми бўйича  хон авлоди ҳисобланган ва ҳокимият учун курашда бу нарса унга катта имкониятлар яратиб берган бўларди. Амир Мусо аслида нуфузли  тойживут қабиласи бошлиғининг ўғли эди холос. Мисол тариқасида келтирилган бунга ўхшаш айрим жузъий камчиликларга қарамай, “Темурийлар шажараси” тадқиқоти муҳтарам олимнинг узоқ йиллар давомида изчиллик билан олиб борган изланишларининг бебаҳо самарасидир, у  Амир Темур даврини ўрганишда муҳим манба бўлиб қолаверади.

Амир Темурнинг тўрт ўғли ва икки қизи –  яъни Жаҳонгир Мирзо, Умаршайх Мирзо, Мироншоҳ Мирзо, Шоҳруҳ Мирзо, Оқа-бегим, Султон Бахт-бегимлар  бўлган, деган тушунча ҳукмрон эди.  Тарихчи Хондамирнинг гувоҳлик беришича, умрида ўн саккизта никоҳда хотинлари, йигирма иккита  канизаклари  бор бўлишига  қарамай,  Соҳибқирон нима учун бор-йўғи тўрт ўғилу икки қиз кўрган эканлар, деган савол табиий равишда хаёлларни тўлқинлантирарди…

                   Тарихнинг бу қатламларини ўрганишда, албатта, шажараларнинг аҳамияти беқиёсдир. Амир Темур ва темурийлар даврини  ёритишга бағишланган форс тилида битилган  муаллифи номаълум “Муъиз ал-ансоб”(Насабларнинг азизланиши)  шажараси жуда нодир манбалардан ҳисобланади.  Академик Бўрибой Аҳмедов тарихчи Турғун Файзиевнинг “Темурийлар шажараси” китобига ёзган сўзбошисида таъкидлашича,  мазкур нодир асарнинг уч насхаси мавжуд. Бири, 24 варақлик мухтасар шакли Стамбулдаги Тўпқопи кутубхонасида, иккинчиси, 129 варақ,  Британия музейида, учинчиси эса, 164 саҳифадан иборат  тўлиқ нусхаси, Франция Миллий кутубхонасида сақланади.

                   Тарих фанлари доктори, профессор Шодмон Воҳидов  узоқ йиллар мобайнида чингизийлар ва темурийлар шажарасига бағишланган ушбу нодир асар устида изланишлар олиб борди, Дени Дидро фонди стипендиати мақомида 2003-04 йиллар мобайнида  Франция Миллий кутубхонаси ҳамда Париждаги “Эрон ва Ҳиндистон дунёси” илмий-текшириш марказида бўлиб, тадқиқотлар билан шуғулланди. Натижада  олим “Муъиз ал-ансоб”ни тўлиқ нусхасини рус тилига  ўгирди, унга сўзбоши ёзди,  изоҳлар, кўрсаткичлар ҳавола қилди, факсимилеси билан нашр этдирди. “Муъиз ал-ансоб”(Прославляющее генеалогии) 2006 йилда Алматида, “Дайк-Пресс” нашриётида дунё юзини кўрди. Асар номаълум муаллифлар гуруҳи  томонидан ўн бешинчи аср давомида ёзилган ва вақти-вақти билан зарурат юзасидан тўлдириб борилган кўринади.

                   Нодир асарнинг иккинчи қисми тўлиғича Ами р Темур ва  темурийларга бағишланган, Амир Темурнинг бешинчи аждоди  Ал-амир Қорачардан то Ҳусайн Бойқаронинг ўғли Бадиуззамон Мирзогача  ўтган кишилар  таърифланган.

                   “Муъиз ал-ансоб”да кишилар номларини бериш тартиби ўзига хос. Русумга кўра, ажратиш осон бўлсин учун, эркаклар номлари доира ичида, аёллар номлари мураббаъ(квадрат) ичида берилган. Тасаввур учун, Султон Ҳусайн Бойқарога бағишланган тавсиф тартибини кўрайлик. Даставвал, ҳарам тавсифланган, ҳар бир аёл кимнинг фарзанди эканлиги айтилган. Кейин, канизаклар номлари келтирилган. Чунончи, Чингизхон ҳақида ёзилганда, Чингизхоннинг 400 дан ортиқ хотин ва канизаклари борлиги таъкидланган. Кейин салтанатда нуфузли ва таниқли бўлган – амирлар, тавочилар, баҳодирлар, ясовуллар, парвоначилар, муҳрдорлар, юртчилар, садрлар, ўзбекча, форсча ёза оладиган мирза(котиб)лар, қўрчилар, баковуллар, қушчилар ва ҳоказолар барчаси номма-ном ёзилган.

                    Бизни, албатта, Амир Темурнинг ушбу китобда берилган насаби, айниқса, фарзандлари тўғрисидаги маълумотлар қизиқтиради. “Амир Темур авлоди” деган сарлавҳага назар ташлаймиз.  Танишиб чиққанимизда, Амир Темурнинг  ўз умрида фақат тўрт ўғил, икки қиз эмас, балки, саккиз ўғил, тўққиз қиз кўрганлигининг гувоҳи бўламиз.

                   Тавсиф  Амирзода Шоҳруҳ баҳодирдан бошланади. Аммо уни негадир Амир Шамсиддиннинг қизи Дилшод-оқа ўғли дейилган. Бунда ҳам жон бордай: чунки Амир Темур Дилшод-оқага 1375 йилда уйланган, Шоҳруҳ Мирзо 1377 йилда таваллуд топган... Европа олимларидан баъзилари эса ҳатто Сароймулкхонимни  Шоҳруҳнинг онаси, деб ҳам ёзадилар.  Бу, албатта, амирзоданинг катта малика қўлида тарбияланганлигидан келиб чиққан фикрдир.

Тарихчи Хондамир “Насабнома”сида эса бошқача манзарани кўрамиз:  унда Шоҳруҳ Мирзо Соҳибқироннинг халқимизнинг қорахитой қавмидан бўлган хос канизаги Тағой Туркон-оқадан туғилганлиги битилган. Соҳибқирон кейин Тағой Туркон-оқани ўз ақди никоҳига киритган.  Турғун Файзиев ҳам “Темурийлар шажараси”да буни тасдиқлайди.

                  Бу ерда бир нарсага диққатимизни қаратишимиз лозим. “Муъиз ал-ансоб” муаллифи ўз асарини ёзаётган пайтда хоқони саид Шоҳруҳ  Мирзо салтанат тепасида эди, у ҳақда нималар ёзиш  маълум талаблар доирасида бўлганлигидан ҳақиқатни ёзишга журъат этилмаган кўринади. Муаллиф Амир Темур авлоди тавсифини катта ўғилларидан эмас, балки кенжа ўғлидан бошлаганлиги ҳам шуни кўрсатиб турибди. Хондамир(1475-1535) бошқа даврда яшаганлиги учун унинг олдида ҳақиқат талабидан бошқа  вазифа турмаган албатта.

                    Иккинчи бўлиб,  Амирзода Амироншоҳнинг номи келтирилган, унинг  Менгли-бика Жониқурбоний ўғли эканлиги ёзилган. Муаллиф буни, чамаси, Мироншоҳ Мирзонинг набираси Абу Саиднинг Хуросонда ҳукмрон бўлиб турган вақтда ёзган,  қайд этган кўринади.

                    Шундан кейингина, Амир Темурнинг тўнғич ўғли Амирзода Жаҳонгир(онаси – Турмиш оқа) ва Амирзода Умаршайхнинг(онаси – (Туман хотун, дейилади), - аммо  Тўлун-оқа эканлигини Хондамир ҳам, Ж.Вудс ҳам  тасдиқлашади), яъни Соҳибқироннинг валиаҳди ва иккинчи ўғли номлари келтирилган.

                   Навбатда  - Жаҳоншоҳ(онаси –  кончгон(?) қабиласидан бўлган, Амир  Соҳибқироннинг биринчи хотини Турмиш-оқа хотун). У  онаси тарбиясида бўлган, беш ёшга кирганда оламдан ўтган.       

                 Яна бир ўғил туғилган(доирада исми ёзилмаган, туғилганидан қирқ кундан кейин нобуд бўлган, лекин онаси маълум  -   Султон-оқа).

                  Иброҳим(онаси -  Тўқмоқ шаҳридан бўлган Хонмулк деган канизак) Туман-оқа тарбиясида бўлган, етти ёшида ўлган. Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”сида ҳам Амир Темур хонадонида Султон Иброҳим деган ўғил бола туғилганлиги ҳақида хабар берилган.

                 Яна бир ўғил дунёга келган, аммо доирада унинг номи, онасининг исми  ёзилмаган. Чамаси, гўдак ҳам, онаси ҳам  кўп фурсат ўтмай оламдан ўтганлар.

                 Шундан кейин, “Муъиз..” муаллифи “Қизлари:” деб сарлавҳа қўяди:

                 Оқа-бегим(русчада Ука-бегим; онаси – Турмиш-оқа. Уни Туман-оқанинг отаси Амир Мусонинг ўғли Муҳаммадбекка узатганлар.)

                  Султон Бахт-оқа(онаси – Улжой Туркон-оқа, Мусалланинг қизи, Амир Қозоғоннинг набираси) Нишопурда вафот этган.

                  Қутлуғ Султон(онаси – Тағой Туркон-оқа) болалигида оламдан ўтган.

                  Бекажон(онаси – канизак Шингил-оқа хотун, Жониқурбоний авлодларидан) бир ёшга етмай қазо қилган. Хондамир “Насабанома”сида  бундай канизак  номи учрамайди.

                  Саодат  Султон(онаси – Дилшод-оқа хотун, Амир Шамсиддиннинг қизи, мўғуллардан...).

                  Саодат Султон(онаси – Улжой Туркон-оқа, Амир Ҳусайннинг синглиси) болалигида ўлган.

                   Яна бир қиз туғилган(мураббаъ(квадрат)да  исми ёзилмаган) онаси – Қонухон исмли канизак.  Қизча  чақалоқлик пайтида нобуд бўлган. Аммо бу канизак номи  Хондамир “Насабнома”сида  учрамайди.

                    Яна бир қиз туғилган, исми келтирилмаган(онаси – Амир Аббос канизаги(?), болалигида ўлган.

                    Яна бир қиз(мураббаъда исми ёзилмаган), онаси – Дилшод-оқа, болалигида қазо қилган...

                   Демак, Амир Соҳибқироннинг фақат олти фарзанди эмас, балки Аллоҳ таоло унга ўн еттита фарзанд – саккиз ўғил, тўққизта қиз  ато этган экан. Бандасига умрни эса худо беради.

                   Тарихчилар ўз асарларида, табиий, узоқ умр кўрган фарзандлар ҳақида кўпроқ эслаганлар,  қалам тебратганлар.

                   “Муъиз ал-ансоб”, “Насабнома”  сингари асарлар тарихимизни тўғри тушунишда, хусусан, Амир Темур ва темурийлар тарихини ўрганишда холис хизмат қилади.  Соҳибқирон Амир Темурни Инсон сифатида, шарафли хонадон бошлиғи, серфарзанд ота сифатида яна ҳам ёрқинроқ тасаввур этишда катта ёрдам беради.

                  Амир Темурнинг тўнғич ўғли Жаҳонгир Мирзо 1356 йилда туғилган, ўн тўрт-ўн беш ёшлариданоқ саркарданинг ёнига кириб жангларда иштирок этган. Умаман, фарзандлар, ўғиллар ҳам, қизлар ҳам ҳарбий санъат сирларидан яхши хабардор бўлишган. Жаҳонгир Мирзо Амир Темурнинг Турмиш-оқа деган хотинидан дунёга келган.  Баъзан уни Нурмиш, Нурмушк-оқа, деб ёзишади, тўғриси, бизнингча, Турмиш-оқа; чамаси, котиблар “То” ҳарфини ”Нун” деб ўқиб юборганлар, чунки улар битта нуқта билан фарқланадилар холос; иккинчидан, оилада фарзандлар  туравермагандан кейин,  янги туғилган чақалоққа умид билан “Турди”, “Турсун”, “Турмиш” каби исмларни қўйиш одати халқимизда  азалдан бор. Турмиш-оқа Соҳибқироннинг яқин сафдошларидан Амир Жоку-барлоснинг дилбанди эди.

                  Амир Темур Жаҳонгир Мирзони жуда ҳам яхши кўрар, унга умид боғлар, валиаҳд, яъни салтанат ишларини давом этдиргувчи деб ҳисобларди. Милодий 1374 йилда  Жаҳонгир Мирзо ўн саккиз ёшга тўлганда уни Хоразм маликаси, Хоразм волийси Ҳусайн Сўфи иниси Оқ Сўфининг қизи, Хонзода- хоним номи билан   довруғи оламга ёйилган Севин-бикага уйлантирадилар. Дунёнинг олди қизи бўлган Хонзода-хоним бағоят соҳибжамол эди, ақл-идроки ҳуснидан ўтса ўтардики, асло қолишмасди. Унинг онаси Шакар-бика Олтин Ўрда хони Султон Муҳаммад Ўзбекхоннинг қизи бўлиб, Севин-биканинг «Хонзода-хоним» дейишлари сабаби шу эди. Амир Темур ушбу никоҳни салтанат ҳужжати сифатида қадрлар, келинини  қизидан ҳам ортиқ ардоқларди.

                   Афсуски, Жаҳонгир Мирзо билан Хонзода-хоним фақат икки йилгина бахтли турмуш кечирдилар холос... 1376 йилда оғир бетобликка учраган валиаҳд Жаҳонгир Мирзо улуғ падари бузрукворининг юрагини вайрон қилиб, суюкли ёрининг қаддини букиб оламдан кўз юмади. Хонзода-хоним қўлида қирқ кунлик чақалоғи Муҳаммад Султон билан оҳу нолалар гирдобида қолаберади...

                   Амир Темур ўғиллари, қизлари, куёвлари, келинларининг туриш-турмуши, ҳовли-ҳаётидан ҳамиша бохабар бўлиб турарди. Ўн етти ёшида тул қолган малика Хонзода-хоним тақдири уни қаттиқ ташвишга сола бошлади. Наҳотки ёш нарса шундоқ ўтса?.. Унда-бунда оғиз очгувчилар ҳам чиқиб турибди. Наҳотки, бир жигарпорасига айланиб қолган Хонзода-хонимни бировга узатиб юборса?.. Шунда Соҳибқирон билан Сароймулкхоним халқимизнинг азалий удумини қўлладилар: бунга кўра, ака оламдан ўтса, унинг оиласи ташвиши ука зиммасига тушади. Хонзода-хонимни ўзидан етти ёш кичик бўлган, Жаҳонгир Мирзонинг она бошқа иккинчи укаси  ўн етти ёшга тўлган Мироншоҳ Мирзога узатдилар. Бу никоҳдан 1384 йилда Халил Султон туғилган.

                   Жаҳонгир Мирзонинг синглиси Оқа-бегим бағоят ҳалимтабиат, сулув қиз эди, деб таърифлайдилар муаррихлар. Амир Темур бу қизини жуда ҳам суяр, авайлар, сафарларда бўлганда юртдан хабар борми, деб сўралганда, бу қизининг оти биринчилардан бўлиб  тилга олинар эди. Оқа-бегимни Амир Мусонинг ўғли Муҳаммадбекка никоҳлаб бердилар.

                     Оқа.бегим 1380 йилда бир фарзандлик бўлди, чақалоққа Султон Ҳусайн Мирзо, деб от қўйдилар. Икки йилдан кейин оғир касалликка чалинган Оқа-бегим жон омонатини эгасига топширди. Амир Темур бундан қаттиқ қайғурди. Жаҳонгир Мирзо билан унинг синглиси Оқа-бегим умрлари бир-бирларига ўхшаб кетади. Улар - ака йигирма ёшда, сингил йигирма учда - ҳаётдан эрта кўз юмдилар, волидалари Турмиш-оқа ҳам шундай қисматга дучор бўлган кўринади. Ҳарқалай, 1360 йилдан кейинги воқеалар ёзилган расмий тарихий адабиётларда(Низомиддин Шомий, Шарафиддин Али Яздий  ва бошқ.) Турмиш-оқа номи учрамайди. Агар  Жаҳонгир Мирзонинг ўғли  Муҳаммад Султоннинг ҳам ёш туриб оламдан кўз юмганини эсласак, бунда ирсиятга боғлиқ қандайдир сабаблар йўқмикан, деб ўйлаб ўйимизнинг тагига етолмай қоламиз...

                   Ҳа, Амир Темурнинг ардоқли набираси, ўғиллари туриб уни катта умидлар билан валиаҳд деб атаган, Жаҳонгир Мирзо билан Хонзода- хонимнинг ўғли чақмоқдай йигит Муҳаммад Султон ҳам йигирма етти ёшида шамоллаб, бетоб бўлиб кутилмаганда вафот этди... Соҳибқирон сафарларга кетганда юртни шу қатъиятли ва жасур набирасига ишониб ташлаб кетар эди. Бир лаҳза тасаввур қилгинг келади: агар Муҳаммад Султон ёш кетмай, бобоси ўйлаганидай мамлакат маснадига ўлтирса, Соҳибқирондай барчанинг бошини қовуштириб, юртни ақлу идрок билан идора этса, Турон замини яна ҳам гуллаб-яшнаган бўлармиди… Бу мангулик армонларимиздан бири. Соҳибқирон Самарқанддаги бугунги кунда  Амир Темур номи билан аталадиган мақбарани  аслида ана шу суюкли набирасига атаб бино қилдирган эди... Барчасига Аллоҳнинг ўзи ҳакамдир.

                    Шундай мусибату кўргиликлар ҳам Амир Темур қаддини эголмади, метин иродасини буколмади, ўзи учун эмас, бевақт кетган фарзандлари учун ҳам яшаши кераклигини англаган Соҳибқирон мулку миллат равнақи йўлида собитқадамлик билан ўз фаолиятини давом этдирди.

                   Амир Темурнинг яна Умаршайх Мирзо(Султон Ҳусайн Бойқаронинг учинчи бобоси),  Мироншоҳ Мирзо(Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг  тўртинчи бобоси) Шоҳруҳ Мирзо(Улуғбек Мирзонинг отаси) сингари ўғиллари, Султон Бахт-бегим деган шаддод қизи бўлган. Соҳибқирон меҳрибон ота, қаттиққўл мураббий сифатида барчасини диққат марказидан қочирмасди.

                    Умуман олганда, темурий фарзандларнинг камолга етишларида Соҳибқирон Амир Темур Кўрагон ҳазрати олийлари ҳамда Бибихоним деб шарафланган катта малика Сароймулкхонимларнинг саъй-ҳаракатлари, беминнат хизматлари ҳар қанча эъзозланса арзийди.

                     Соҳибқирон  хонадонида фарзандлар тарбиясига катта аҳамият берилган. Соҳибқирон назари тушган набиралар асосан Сароймулкхоним қўлида тарбияланганлар. Шоҳрух Мирзо, Муҳаммад Султон, Халил Султон, Улуғбек Мирзолар шулар жумласидандир. Ҳар бир набирага бир отабеги(оталиқ, атка) тайинланган. Улар Қуръон таълими, юртни бошқариш, хорижий мамлакатлар билан муомала қилиш маданияти, жанг сирларини эгаллаш, адабиёт ва санъатга қизиқишлик дейсизми, хаттотлик санъатларини ўрганишми, барини  диққат эътиборда тутганлар.  Амирзодалар ичида кўп шоирлар, хаттотлар, меъморлар, зиё аҳли бўлганлиги шундан. Қуръони каримни китобат қилганлар бор. Жуда кўп амирзодалар назмга меҳр қўйган эдилар. Жумладан, Халил Султон, Абукбакр Мирзо, Искандар Мирзо, Бойсунқур Мирзо, Сайид Аҳмад Мирзо, Ҳусайн Бойқаро, Бадиуззамон Мирзо, Шоҳ Ғариб Мирзо, Абдуллатиф Мирзоларни  мисолга келтириш мумкин. Шероз ҳокими Иброҳим Султон ибн Шоҳрух раҳбарлиги ва катта саъй-ҳаракатлари  туфайли  Шарафиддин Али Яздий томонидан Соҳибқирон тарихига бағишланган машҳур “Зафарнома” китоби ёзилган эди(1425).

                  Ана шундай қатъий тартибу интизом,  яхши тарбия самараси туфайли Амир Темур авлодлари жаҳон майдонида салкам беш юз йил ҳукм сурдилар.

   

     Муҳаммад Али    

 Ўзбекистон халқ ёзувчиси, профессор

"Маърифат" тарғиботчилар жамияти аъзоси

 

 

← Нашрлар рўйхатига қайтиш