Навоий асарлари - маънавий қувват ва юксалиш манбаи!

05.02.2021

      (Алишер Навоийнинг 580 йиллигига бағишланади)

«Алишербек назири йўқ киши эди. Туркий тил била то шеър айтубтурлар, ҳеч ким онча кўп ва хўб айтқон эмас.»

Заҳириддин Муҳаммад Бобур. «Бобурнома»дан.

 

   Ахир, алломалар юртининг бағрикенг халқи учун ҳар ой, ҳар кун байрамдир. Ана шундай файзли ойлардан бўлмиш  февраль ҳам кириб келди. Бу ойнинг файзи шундаки, мазкур ойда икки буюк мутафаккирларимиз дунёга келган: буюк ўзбек шоири ва мутафаккири Алишер Навоий  ҳамда шоҳ ва шоир Заҳриддин Муҳаммад Бобур таваллуд топишган. Ҳозирги кунда кенг жамоатчиликка, хусусан, ёшларимизга ҳар галгидан cермазмун буюк аждодимиз, улуғ бобомизнинг таржимаи ҳоли билан боғлиқ маълумотларни етказиш муҳим ва аҳамиятлидир. Ўз юрти ва аждод, авлодлар тарихини билиш-буюк маънавий бойликдир. Ана шу бойлик билан қуролланган ёшларимизда ватанпарварлик, халқпарварлик, бунёдкорлик, ҳаллолик ва меҳнатсеварлик фазилатларини намоён этишда ҳаётий қўлланма бўлиши айни ҳақиқатдир.

   Навоийнинг  давлатни мустаҳкамлаш, мамлакатни адолатли бошқариш, эл-юрт манфаатлари йўлида хайрли ишларни амалга ошириш, илм-фан, касбу кор ва ҳунарларни ривожлантиришда Султон Ҳусайн Бойқародек дўстига содиқ хизматида кўрамиз.  Вазир даражасида бўлганида ҳам ҳамиша юрт ободлиги ва халқ фаровонлиги йўлида хизмат қилдики, бугун Ўзбекистон тараққиётида мантиқий ва тарихий ривожланиш даври бўлган, мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!” деган эзгу ғоя асосида нишонланишида ҳам катта маъно ва мақсад жамланган.

  Яна бир эътиборли жиҳати: Навоий шахсий даромадлари ҳисобидан кўплаб иморатлар қурдирган, жумладан, улар орасида мадрасалар, хонақоҳлар, масжид, табибхоналар, мақбаралар, кўприклар, тўғонлар, ҳаммомлар бор. Ҳиротдаги “Низомия”, “Ихлосия” мадрасалари, “Халосия” хонақоҳи, “Шифоия” табибхонаси, Марвдаги “Хусравия” мадраса энг машҳур меъморий ёдгорликлардандир.

    Бугун ҳатто синовли келган 2020 йилда ҳам Ўзбекистон бир дақиқа ҳам бунёдкорлик ишидан тўхтамаганининг гувоҳи бўлдик: ҳар бир ҳудудда ободонлик ва бунёдкорлик, оромгоҳлар, сиҳатгоҳлар, замонавий шаҳарсозлик, осмонўпар бинолар, ер усти метролари, тезюрар поездлар, кўприклару, таълим масканлари, кампуслару, Ғалаба Боғи, адиблар Хиёбони  Навоий ишларининг бардавомлигидандир.

   Ўзбекистон Республиаси Президенти БМТга аъзо давлатларга «БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифи» ҳам бежиз бўлмаганди. Бир эсланг,  «Бу ҳужжатнинг асосий мақсади — барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишдан иборат. Ушбу резолюция бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлаш, эътиқод қилувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш, уларнинг камситилишига йўл қўймасликка кўмаклашишга қаратилган», деб таъкидлаганди давлатимиз раҳбари,

  Қувонарли томони эса, Харакатлар стратегиясининг бешинчи йўналишидаги мазкур ислоҳотларнинг маънавий асосларини Навоий ижоди билан ҳамоҳанглиги буюк шоирнинг бебаҳо меросининг барҳаётлигидадир.  Жумладан, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатни амалга ошириш соҳасидаги бешинчи устувор йўналишлар борасида мамлакатимизнинг ташқи сиёсат соҳасида олиб бораётган фаол ва самарали фаолияти дунёнинг барча давлатлари, халқаро ташкилотлар билан алоқаларимизни  кенгайтирмоқда. Бунда, ён қўшнилар бўлган Марказий Осиёнинг бошқа қардош давлатлари билан муносабатлар, ўзаро манфаатли алоқалар изчил йўлга қўйилгани, минглаб оддий одамларнинг чегаралардан бемалол ўтаётгани, минтақа бўйлаб эркин ҳаракатланиш, қариндош-уруғлар билан борди-келди қилиш учун барча шароитларнинг яратилгани Навоий орзуларининг амалга ошганидир.  Ўзбекистон Афғонистоннинг иқтисодий тикланишига, унинг транспорт ва энергетика инфратузилмасини ривожлантиришга, миллий кадрларини тайёрлашга ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшаётгани Ҳиротда Навоий покига бўлган халқпарвар юртнинг инсонпарварлик туҳфасидир. Халқаро ҳуқуқ тизимида мусулмон фиқҳига хос бўлган вақф ҳуқуқи ҳақидаги Навоий фикрлари барҳаётийлиги билан аҳамиятлидир.  Жумладан, икки қисмдан иборат «Вақфия» асарида «Нафъинг агар халққа бешакдурур, Билки, бу нафъ ўзингга кўпракдурур» каби мисраларидаги асосий мақсади, халқ, адолат билар тангри олдидаги бурч ва вазифалар қайд этилгани  ўз даврида «Хайрул башар амир», «Дарёдил амир» унвонларини олган Навоий асарларининг мазмун-моҳиятини ташкил этган.

     Айниқса, Адлия вазирлиги, адлия ходимлари деган жумлаларни тез-тез тилга олар эканмиз, Навоий асарларида «адл ва дод (эҳсон) ила тузмоқ», «қонун- қоида қўймоқ», «қоида ва русум тузмоқ»,  «одил ҳукм», «ростлик, тўғрилик сиёсати», «вазорат девони», «давлат маншури» каби ҳуқуқий тушунчалар баъзи ўринларда «Олам ишига берибон интизом»­ каби кўрсатмаларининг нечоғли аҳамиятини ҳис этамиз. Албатта, бу ибораларни ўзбек тилида кенг жамоатчиликка етказишда Навоийшунос олимларимизнинг меҳнати ҳам Алишер Навоий меросига  меҳрдан яралгандир. Шу ўринда ҳам ҳуқуқшунос олим Ҳалим Бобоев, ҳам ҳуқуқшунос, ҳам тилшунос олима ЎзФА Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институти катта илмий ходими Буробия Ражабова, навоийшунос олим Султонмурод Олимовлар каби юзлаб олимларимизнинг илмий ишлари таҳсинга лойиқдир. Навоий меросига бўлган эътибор давлат сиёсати даражасида бўлиб, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти таъсис этилган. Тошкентда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғ ўртасида шоирнинг салобатли ҳайкали қад кўтарди. Шоирнинг 20 жилдли мукаммал асарлар тўплами нашр этилган. Мамлакатимизда Алишер Навоий хотираси юксак даражада эъзозланади. Бир вилоят, шаҳар, олий ўқув юрти (Самарқанд давлат университети), Тошкентдаги Давлат кутубхонаси, Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институти, Адабиёт музейи, Тошкентдаги Катта академик опера ва балет театри, Санъат саройи, Тошкентдаги метро бекати, ўнлаб кўчалар ва жамоа хўжаликлари унинг номи билан аталган. Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига бағишлаб ҳайкалтарошлар, рассомлар ва бастакорлар асарлар яратишган.

     Аслида Алишер Навоийдек даҳоси бор халқнинг эртаси ёруғ, келажаги порлоқдир. Шу боис, 580 йиллиги нишонланадиган буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий яратган ўлмас асарлар туганмас маънавий мулк сифатида абадий қолади.  Зеро, мазкур  йилда буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги кенг нишонланиши ҳақида 2020 йил президент Шавкат Мирзиёевнинг 19 октябрдаги қарори билан  дастур қабул қилинди.

Қарорга кўра, Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини мамлакатимиз ва халқаро миқёсда кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди ташкил этилгани, Алишер Навоий ордени таъсис этилгани, хорижий давлатларда сақланаётган Алишер Навоий қаламига мансуб ва у яшаган даврга оид қўлёзмаларнинг факсимиле нусхаларини мамлакатга олиб келиш чоралари кўрилгани айни ҳуқуқий асос ва тасдиқдир.

     Жорий йилда Тошкентда Алишер Навоий номидаги ижод мактабининг ташкил этилиши эса,  Навоий даҳосига бўлган эътибор, эътироф ва ҳурмат, мангу сайқалдир. Ахир, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир”. Алишер Навоий мероси бизнинг қудратли маънавиятимиздир.

    2021 йил ноябрь ойининг биринчи ўн кунлигида Навоий шаҳрида «Алишер Навоий ижодий меросининг башарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ҳамда мамлакатимизда Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фондининг ташкил этилиши барчамизга фахр-ифтихор туйғуларини бағишлади.

   Шунингдек, Президентимиз қарори билан хорижий давлатларда сақланаётган Алишер Навоий қаламига мансуб ва у яшаган даврга оид қўлёзмаларнинг факсимиле нусхаларини мамлакатимизга олиб келиниши ва Алишер Навоий асарлари ҳамда навоийшунослик фани бўйича амалга оширилган илмий тадқиқотларнинг электрон платформасини яратилиши ёшлар камолоти, уларнинг ўқиб-изланишида катта маънавий ва маърифий аҳамият касб этади.  “Навоий ворислари”  ғазалхонлик танловининг ўтказилиши ёшлар ўртасида Навоий ижодининг янги даврини англатади.

   Зеро,  Алишер Навоий бугун жаҳон маданиятининг буюк вакиллари сафидан ўрин олган мутафаккир ва даҳодир. Унинг асарлари жаҳондаги юзлаб тилларга таржима қилиниб, чекка –чекка давлатларда ҳам ўз ўқувчиларига эга бўлган. Йиллар, асрлар ўтсада, дунё аҳли унинг мероси билан ҳамиша қизиққан. Бу қизиқишга муносиб эътироф сифатида Навоий ҳайкаллари Япониянинг Сока университети ҳовлисида, Москва ва Боку шаҳарларида қад кўтаргани таҳсинга сазовордир.

    Қалами билан дунё маънавиятига замин яратган Алишер Навоий ҳам ўзининг номи ва яратган асарлари  оша яшаб қолишига ишониб: “Умидим улдурки ва ҳаёлимга андоқ келурки, сўзим мартабаси авждан қуйи энмагай ва ёзган асарларимнинг тантанаси аъло даражадан ўзга ерни ёқтирмагай”, деб ёзгандики, мана жорий йилда Навоий юбилейи нишонланишининг давлат томонидан амалга оширилаётгани, масжидларда Қуръони Карим тиловати қилинаётгани мангулик, боқийликка асосдир. Янгиланаётган Ўзбекистоннинг бахти Навоийдек даҳосининг борлигидир.

     Тошкент давлат юридик университет профессори, Республика Маънавият ва маърифат маркази эксперти, маърифат тарғиботчилари жамияти  аъзоси   -   Фируза Мухитдинова

← Нашрлар рўйхатига қайтиш