МИЛЛАТ ЮКСАК МАЪНАВИЯТ, КОМИЛ АХЛОҚ БИЛАН БАРҲАЁТ

30.03.2021

“Ёв қалъани олмоқчи бўлса, ҳужумни посбонни босишдан бошлайди. Посбонни қўлга олиш — қалъага раҳна солиш демакдир. Бизнинг посбонимиз бўлган уятимизга ҳамла қилмоқдалар”, деб ёзганди, бир пайтлар улуғ адибимиз Абдулла Қаҳҳор. Ўйлаб кўрайлик, биз учун уят нима? Уят-бу миллатнинг ор-номуси, шаъни, қизлар ҳаёси, ибоси, иффати, йигитлик ҳамияти ва ғуруридир! Ҳақиқатдан ҳам бугун бу қадриятлар маънавиятимиз, миллий ўзлигимиз, инсонийлигимиз посбонидир.

Биз йиллар давомида қайта-қайта инсон қалби ва руҳини издан чиқаришга қаратилган мафкуравий таҳдидлар, ахборот хуружлари, “оммавий маданият” таъсирлари авж олган таҳликали бир даврда яшаяпмиз, деган фикрни такрор-такрор айтиб келдик. Аммо ҳозирда дунёда содир бўлаётган мафкуравий жараёнлар ҳар қачонгидан ҳам кўра таҳликалироқ. Негаки, бугун мамлакатимиздаги ошкоралик, сўз эркинлиги, фикрлар хилма-хиллигини суиистеъмол қилиб, ўз аждодлари қолдирган юксак маънавиятга беписанд қарайдиган, уни эскилик сарқити деб камситадиган, маданиятсизликни маданият, ахлоқсизликни инсоний ҳурлик деб, маънавий бузуқлик ва тубанликни, одам номус қиладиган “эркинликлар”ни инсон ҳуқуқларининг таъминланиши деб қарайдиган тоифалар пайдо бўлмоқда. Одамийлик мулки, инсоний ахлоқ чегарасидан чиқиб, тубанлик ботқоғига ботаётган бундай “ақлли” тоифалар дину диёнат, ҳалоллик, поклик, юксак ахлоқ асосидаги маънавиятга “оқ” бўлганлари етмагандай, унга маломат тошларини ҳам отишмоқда.

Глобаллашув жараёнлари инсоният учун беқиёс янги имкониятлар билан бирга кутилмаган муаммоларни, шу жумладан маънавий бузуқликни ҳам ёймоқда. Миллий ўзлик ва маънавий қадриятлар илдизларини кемирадиган қуртлар тобора кўпайиб бормоқда. Бу хавф ва таҳдидлар турли йўллар билан жамият ҳаёти, ёшлар қалбига кириб келишга ҳаракат қилмоқда.

Интернет оламининг ўзбек сегментида номаълум кучлар томонидан четдан туриб турли туман аҳлоқсизликлар, шафқатсизлик, беҳаёликни тарғиб қилувчи ҳар хил турдаги ва шаклдаги материаллар тарқатилмоқда.

Бундай вазиятда ҳушёр ва огоҳ бўлиб, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш, мустаҳкамлаш ҳар қандай ахлоқсизлик ва беҳаёлик ғояларининг тарқалишига қарши курашиш барчамизнинг бурчимиздир.

Кейинги вақтларда, халқаро ахборот маконининг ўзбек сегменти орасида жинсий очиқлик ва жинсий эркинлик омилларини яратишга ҳамда интернет фойдаланувчилар онггига сингдиришга тинимсиз ҳаракат қилинмоқда. Бу ҳолатларни Facebook, Instagram, YouTube, Telegram каби ижтимоий тармоқларда ҳам кузатиш мумкин. Афсуски, бунга қарши муносиб жавоб беришда ҳаммамиз ҳам етарли фаоллик кўрсата олмаяпмиз.

Америкалик таниқли сиёсатчи ва публицист Патрик Жозеф Бьюкенен ўзининг “Ғарбнинг ҳалокати” китобида шундай фикр билдиради: “Ҳозирги вақтда Европа цивилизациясининг маънавий-ахлоқий муҳитида 1980 йиллардан буён “жинсий очиқлик ва жинсий эркинлик” сиёсати ҳукмронлик қилмоқда. Бунинг натижасида европа учун ахлоқ тушунчаси, инсон жинслариаро ахлоқ мувозанати буткул ўзгарди.

Бугунги кунда Европа учун гей ва лесби тушунчаси ор-номусни эмас, балки ножинслар учун ғурурни билдиради. Бундай ҳолатларнинг кенг тарқалиши ва бунинг қонуний қўллаб-қувватланиши барча ахлоқий мезонлар ва қадриятларни бутунлай емириб ташлайди”.

Ўзининг жирканч ғоялари билан ёшлар руҳиятига таъсир қилишга уринаётган ана шундай “кўринмас нусхалар” афсуски, энди ўзларини ошкора намоён этмоқда. Орсизлик, ғарлик, ювуқсизлик, йигитлик шаъни, одамийлик мақомига доғ тушираётган, Оллоҳ инсонга ато этган табиий жуфтликни инкор этиб, ноинсоний “ҳуррият”ни қумсаб қолган бундай касларнинг, хатто йиртқич, онгсиз ҳайвонлар қилмайдиган тубанликларини ҳеч қачон оқлаб бўлмайди.

“Бир кетган уятнинг қайтиб келиши қийин”, дейди халқимиз. Бугун айрим хорижий газета ва журналлар, Интернет тизими орқали инсоф, диёнат, уят, ор-номус, иффат, бурч, савоб, садоқат, вафо, ҳаё каби қадриятларимизга таҳдид солаётган таъсирларга энди бепарво қараб бўлмайди. Маиший бузуқлик ва зўравонлик, оилавий қадриятларни оёқ ости қиладиган эротик саҳналар, бир жинсли никоҳлар, ҳаётда сал қийинчиликка дуч келса, албатта, ароқ ичиш кераклигини тарғиб қилувчи эпизодлар, қора ниятли қора кучлар тантанаси, компъютер ўйинлари, телефондаги “кўчиб” юрувчи ахлоқсиз кадрлар, булар миллат ахлоқи илдизларига урилаётган болталардир.

Бугун инсон ҳуқуқларини рўкач қилиб, яратилган ошкоралик, сўз эркинлигини пеш қилиб Ўзбекистонда “Ахлоқсизлик томошаси”ни қўймоқчи бўлаётганлар чучварани хом санабди. Қанчадан-қанча азиз авлиёларга бешик бўлган, комил ахлоқ ва одамийлик тамойиллари яратилган бу замин - ҳамиша юксак маънавият ва ахлоқ макони бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади.

Патрик Бьюкенен ўша “Ғарбнинг халокати” китобида маънавий бузуқликнинг аянчли оқибатларини шундай таърифлайди: “Ахлоқсизлик ҳолатлари, оила қуриш ва тарбияга етарли эътибор берилмаслиги оқибатида Европада туғилиш кескин камайиб кетяпти, йигитларда оталик ҳисси, қизларда оналик туйғуси йўқолмоқда. Улар фарзанд кўришни ташвиш деб тушунмоқда. Дунёга бир марта келдингми, кўнглинг тусаганича яшашинг керак, деган фикр ақидага, турмуш тарзига айланиб бормоқда”. Кўриб турганингиздек, бугун бу каби жинсий очиқлик интернет орқали дунёдаги кўплаб мамлакатларга “экспорт” қилинмоқда.

2021 йилнинг 28 март куни Амир Темур хиёбонида кечган воқеа ҳаммамизни ларзага солди. Албатта, бугунги кунда айрим тоифалар ўзининг жирканч “ғоя”ларини тарғиб қилишда “Бир актёр театри”нинг ёлланма актёрлари эканлигини сездириб қўймоқда. Шукрки, ёшларимиз орасида улар саҳнасига чиқиб қўшиладиганлар йўқ. Бундай тоифалар турли йўллар билан кўпроқ томошабин йиғмоққа харакат қилмоқда. Шубҳасиз, миллат орияти учун бундай орсизлик ҳаракатларининг олдини олишимиз керак. Лекин уларнинг жирканч томошаси учун томошабинларни кўпайтириб бермаслигимиз керак. Бундай “ғоя”ларнинг асосий уяси интернет тармоғида эканлигини яхши биламиз. Ана шу маънода биз бугун нафақат оммавий ахборот воситаларини, интернет минбарларини ҳам эзгулик, одамийлик, маънавият минбарларига айлантиришимиз, уйғоқ сўзимиз ор номусни тарбияловчи фикрларимиз билан ундайларга муносиб жавоб қайтаришимиз керак. Бу ишни эртадан эмас, бугундан бошлашимиз керак.

Келинг, “жаҳолатга қарши маърифат”, деган нажотбахш шиоримиз эзгу амалларимиз билан мустаҳкамлансин. Бундан буён ориятимиз кечагидек қақшамасин. “Оммавий маданият”дан огоҳ бўлинг”, деган даъватларга беэътибор қарамайлик. Ахир айрим ота-оналарнинг ўз вақтида фарзандларига етарли тарбия бермаслиги, миллат учун, жамият учун қанчалар қимматга тушиши мумкинлигини ҳаётий аччиқ мисолларнинг ўзи кўрсатиб турибди.

Афсуски, бу бузғунчи намойиш бир кунда пайдо бўлгани йўқ. Аввал ғоя эди, энди эса уни илгари сурувчилар турли йўллар билан тарафдор топишга интилаяпти. Бу воқеа бизга ҳар қандай ёвузлик, жаҳолат, тубанликни ўз вақтида қонуний чоралар билан тўхтатиш кераклигидан сабоқ берди.

Бугун Ўзбекистон нафақат сиёсий-иқтисодий, ижтимоий-маънавий соҳалардаги ислоҳотлари, минтақавий барқарорлик, инсон хуқуқларини таъминлаш борасидаги янгича ёндошувлари билан жаҳоний эътироф ва ҳурмат топмоқда. Биз жоҳил эмас, оқил халқмиз. 28 март куни бир нечта бузғунчи бизни жаҳолатга қарши жаҳолат билан курашишимизни истади. Чунки улар буюк шоиримиз Абдулла Орипов айтганларидек, “Хато қилишингни кутарлар”.

Жаҳондаги ҳар бир давлат ва жамиятнинг ўзига хос қадриятлари, маънавий-ахлоқий меъёрлари бор. Албатта, жамиятдаги ҳар бир инсон бу маънавий-ахлоқий мезонларга риоя қилиши зарур. Бу эса қайсидир кучларга ёқмаяпти.

Айнан шундай кучлар жамиятимиздаги ижтимоий-маънавий муҳитни бузишга интилмоқда. Негаки, улар қатор давлатларда ана шу йўл билан “сиёсий ўйинлар саҳнаси”ни қуриб, қандай томошалар кўрсатганини яхши биламиз. Аммо, бундай “томошалар” Ўзбекистонда ўтмайди. Бу сценарийлар қадимдан дунёнинг маънавий тараққиёт масканларидан бири бўлган диёримизда ишламаслиги табиийдир. Сабаб эса оддий, бунга халқимизнинг маънавий дунёси, миллат орияти йўл бермайди.

Улуғ адиб Абдулла Қаҳҳор биз сўзимиз бошида тилга олган “Уят” номли мақоласида яна шундай деган эди: “Ҳар қандай қонунга ҳам чап бериш мумкин, лекин уятга чап бериб бўлмайди, чунки қонун одамдан ташқарида, уят эса одамнинг кўксида бўлади. Биз одоб учун кураш олиб борар эканмиз, бу йўлда кўрадиган чораларимиз, жорий қиладиган тадбирларимиз биринчи навбатда улуғ посбонимиз бўлмиш уятни душман ҳамласидан мудофаа қилишга қаратилиши зарур”.

Ҳа, азиз ватандошлар, юксак маънавият, ахлоқ, уят - миллатнинг ориятидир. Ўзбек халқи учун орият ўлимдан кучли. Унинг топталишига ҳеч қачон йўл қўймаймиз!

Минҳожиддин Ҳожиматов,

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сенатор

← Нашрлар рўйхатига қайтиш