Соябонлар тарихи Амир Темур даврига бориб тақаладими?    

08.04.2021

 

Клавихо эсдаликларида ёзилишича, 1404 йил 3 сентябр куни Амир Темур ўзининг “Дилкушо” боғидаги элчиларни қабул қилган. Элчининг тафсилотларида биз учун эътиборли бўлган бир жиҳат бор. У ҳам бўлса, Соҳибқирон аёлларига бўлган ҳурмат ва эътибор: «Малика билан уч юзга яқин аёл биргаликда келишди. Маликанинг юзига офтоб тушмаслиги учун бир киши худди чодирнинг тепа қисмидек дум-думалоқ қилиб оқ шоҳидан ясалган ва ҳалқасимон ёғоч чивиққа тортилган соябонни тутиб борарди. Ким билади Ғарбий европада соябонларнинг урф бўлишига мана шу элчиларнинг юртимизга ташрифи давомида кўрган кечирганлари ҳам сабаб бўлгандир, ҳар қалай Францияда дастлабки соябонларнинг пайдо бўлиш санаси ХVII аср эканлиги бизда шу каби мулоҳаза ҳам уйғотади.

Чиғатой улусига мансуб мўғул хонларидан Қозонхоннинг хонадонида 1341 йилда қиз фарзанд дунёга келди. Сарой кўрки, гавҳари бўлсин дея ният қилиб, унга Сароймулкхоним номи берилди. Мамлакатдаги низолар сабаб отаси тахтдан йиқитилиб, қатл этилганда қизча эндигина беш ёшга тўлганди. Сароймулкхоним тахт учун курашлар, адолат ва разолат, улар ўратасидаги аёвсиз курашларни кўриб катта бўлди. Унинг ёшгина онгини саройдай мураккаб муҳитда яшаб қолиш учун нима қилиш лозим, деган мураккаб савол доимо банд этарди. Қизчанинг мурғак қалби ҳар қандай шароитда яшаб қолиш ва доимо ўз мустақил  фикрига эга бўлиш лозимлигини жуда эрта англай бошлади. Сароймулкхоним йиқилса, туриш ва бунда азият чекмасликка ўрганди. Ҳаётдаги қарама-қаршиликлар ва зиддиятлар қизчани анча мушоҳадакор, ёшига нисбатан ақлли бўлишга ўргатди.

Сароймулкхоним балоғатга етгач, 1355 йилда Мовароуннаҳр ҳукмдори амир Қозоғоннинг набираси Амир Ҳусайн никоҳига киритилди. Бироқ зиддиятларга тўла давр бу никоҳга анча эрта чек қўйди. Бунга эса Амир Ҳусайн ва Амир Темур ўртасидаги кураш сабаб бўлганди.

Маълумки, 1370 йилда Амир Темур жангда Амир Ҳусайнни енгиб, уни қатл эттиргач, Самарқанд тахтига ўтирди. Шу аснода Темур Мовароуннаҳр ҳукмронлигини ўз қўлига киритди. Ўз даври талабларидан келиб чиқиб енгилган хон ҳарами ихтиёри енгган хонга ўтарди. Бу гал ҳам шундай бўлди. Амир Темур Ҳусайн ҳарамидаги тўрт хотинни ўз ҳарамига муносиб кўрди ва идда муддати тугагач, уларни ўз никоҳига киритди.  Улар орасида Сароймулкхоним ҳам бор эди.

Сароймулкхоним хон авлодига мансуб бўлгани сабаб, ушбу никоҳдан сўнг Амир Темур “Курагон”, яъни хон куёви унвонига мушарраф бўлди. Сароймулкхонимнинг насл-насаби ҳарамдаги барча маликалардан улуғлиги сабаб, унга “Бибихоним”, яъни катта хоним унвони берилди. Албатта бу унвонга нафақат унинг келиб чиқиши, шунингдек, ақл-заковати, фикр доираси ҳам сабаб бўлганди. Ҳатто аёллар ҳақида ёзишни унча хуш кўрмайдиган Шарқ тарихнавислари ҳам бу аёл ҳақида тўхталиб,  унинг нафақат юксак идрокли, фаросатли, тадбиркор, заковатли, шунингдек, ҳусн-латофатда ҳам беназир бўлганини таъкидлаганлар.

Хусусан, араб тарихчиси, Амир Темур саройида яшаб ижод қилган Ибн Арабшоҳнинг “Ажойиб ул-мақдур фи тарихи Таймур” (“Темур тарихида тақдир ажойиботлари”) китобида Сароймулхонимга катта бўлмаса-да, эътиборли бир таъриф берилган: “Темурнинг хотинларидан энг муқаддами ва баркамоли Катта Малика (Сароймулхоним)” дейилади унда. Юқоридаги фикримиздан келиб чиқадиган бўлсак, бу каби таърифнинг нечоғлиқ аҳамиятли эканлигини таъкидлаб ўтириш шарт ҳам эмас.

Бундай баҳога Сароймулкхонимнинг хон саройидаги мавқеи ҳам сабаб бўлганди. Ўта мушоҳадакор, қатъий, сўзида собит бўлган Амир Темур ҳам катта тадбирларни амалга оширишда айнан шу маликанинг доно маслаҳатларига бот-бот ўзида эҳтиёж сезгани тарихий манбаларда ҳам тилга олинади. Шу маънода Сароймулкхоним доно сиёсатдон, буюк инсонпарвар, саҳоватпеша аёл сифатида салтанатни бошқариш ишида соҳибқиронга елкама-елка тура олди. Фаолияти ила ўзи яшаган давр ҳаётига маълум бир маънода таъсир ўтказиб, ўзидан маълум из қолдирган малика маданий қурилишда жонбозлик кўрсатди, толиби илмларга ҳомийлик қилди.

Бу ҳолат европалик тарихнавислар томонидан ҳам ўз давридаёқ эътироф этилди. Улар томонидан тилга олинган қатор фактлар мана бир неча асрдирки, дунё аҳлини ҳам ҳайратга солиб келяпти. Хусусан, ғарб тарихчилари томонидан қолдирилган солномаларда бу малика билан боғлиқ эслатмалар нафақат унинг аёллик сифатларини таъкидлайди, шунингдек Амир Темур салтанатидаги аёлга муносабатни ҳам ёрқин намойиш этади. Билъакс ўрта аср шароитида мамлакатга келган чет эллик элчиларни қабул қилиш маросимларида аёлларнинг иштироки ва уларнинг ўрни ўзини маданиятда энг устун, дея таърифлаб келган давлатларда ҳам кам учрайдиган ҳодисадир. Ҳолбуки, Амир Темур саройида жорий этилган тартибларга кўра, ажнабий элчиларни қабул қилиш маросимларида ҳукмдор ёнида унинг хотинлари ҳам иштирок қилганлар. Бу хусусда испан тарихнависи Клавихонинг эсдаликлари бизга жуда қимматли маълумотлар беради.

Амир Темур 1402 йилда Испанияга хожа Муҳаммад Кешин бошчилигида элчилар йўллаган. Бир неча йилдан сўнг қироли Ҳенрих Ш де Трастамар мана шу ташрифга жавобан бадавлат ва нуфузли оқсуяк испан оиласидан тарбия топган Гонсалес де Клавихони элчи сифатида юборади ва унга илоҳиёт илмининг номзоди Алфансо Поэс де Санта Мария, қиролнинг махсус соқчиси Гомес де Салазарларни ҳамроҳ қилади. Амир Темур саройига элчи тариқасида юборилган бу шахслар Самарқандда бир неча йил бўлишади.  Бу даврда Клавихо бир неча бор Амир Темур ила учрашишига мушарраф ҳам бўлади. Натижада, унинг бизга бугун маълум бўлган кундаликлари дунёга келади. Кундаликларда элчининг Самарқандга, Амир Темур саройига қилган сафари тафсилотлари батафсил ёзиб қолдирилган. Элчи ўз кундаликларида ўша вақтда Амир Темур қўл остидаги мамлакатлар ва шаҳарларнинг умумий аҳволи, халқ турмуши, урф-одатлари, Соҳибқирон саъй-ҳаракати ила тикланган турли иншоатлар, жумладан қасрлар, масжидлар, мадрасалар, хонақолар, савдо расталари, дўконлар, устахоналар, шунингдек Амир Темур давлатининг қўшни давлатлар, хусусан, Хитой, Ҳиндистон, Олтин Ўрда, Мўғулистон ва бошқа мамлакатлар ила олиб борган муносабатлари, Темур саройидаги тартиб-қоидалар ҳақида қимматли маълумотлар беради. Биз учун бу кундаликнинг эътиборли жиҳатларидан яна бири, унда аёллар хусусида ҳам маълумотлар учрашидадир. Муаллиф соҳибқироннинг хотинлари, келинлари ва уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги ўрни алоҳида эътибор қаратган. Тарихчининг назаридан сарой хонимларининг юриш-туришидан тортиб, уларнинг кийиниш маданияти, пардоз андози, яшаш тарзи, фойдаланадиган ашёлари тўғрисида маълумотлар ҳам четда қолмайди. Муҳими, Клавихонинг эсдаликларида ушбу тафсилотлар ҳатто кичик деталигача ёрқин ва ғоят эътибор ила таърифланган.

Айнан мана шу “кундалик”лар Соҳибқирон давлатидаги аёлларнинг ўрни ва роли хусусида биз учун жуда эътиборли бўлган  маълумотларни беради. Хусусан, бир жиҳат биз учун жуда муҳимки, Амир Темур саройи тартибларига кўра, унинг аёллари ҳам турли даражадаги элчиларни қабул маросимларида эркаклар ила бирдек иштирок этганликларини таъкидлаганида. Аёлларга муносбат ҳамма вақт паст бўлган деб келинган мусулмон шарқида аёл кишининг давлат ишларида бу каби қатнашувини таъкидлаш миллий маданиятнинг нечоғлиқ юқори бўлганини ҳам кўрсатувчи ёрқин бир деталдир.

Клавихонинг кундаликларида Амир Темур аёлларининг турли маросимларда қандай тимсолда қатнашганликларини жуда эътибор ила таърифланган. Хусусан, элчи Сароймулкхонимнинг ана шундай бир тадбирдаги кўринишини қуйидагича таърифлайди. “У бундай кийинган эди: эгнида зарҳал билан тикилган, этаги ерда судралиб юрган узун ва кенг, енгсиз, ёқасиз, қизил шоҳи кўйлак. У белидан торайтирилмаган, этагигача кенгайиб борарди. Маликанинг юзига офтобдан сақланиш учун оқ упа шу қадар қалин қилиб суртилган эдики, чеҳраси бамисоли оқ қоғозга ўхшарди. Қишда ёки ёзда сафарга чиққан барча аслзода аёллар юзларига шунақа қилиб упа сурадилар. Маликанинг юзига юпқа оқ рўмол тутилган. Бошида худди урушларда кийиладиган дубулғага ўхшаш баланд қизил бош кийими. Рўмолнинг учлари хонимнинг елкасига тушиб турибди, қуйи қисмига матоҳ тутилган. Уларга дурра поёблар, ёқут, феруза, ва бошқа хилма-хил қимматбаҳо тошлар жуда чиройли қилиб қадалган. Бош кийимнинг зарҳал билан тикилган ва хоним елкасига тушиб турган қисми ҳам қимматбаҳо тошлар ва дури ноб билан безатилган, унга чиройли тилла баргак қадалган. Қалпоқ учи чиройли, икки бармоқ йўғонлигида ял-ял ёниб турган тиниқ уч дона ёқут қопланган. Шунингдек, унга қадалган, узунлиги икки қарич оқ жиғанинг айрим парлари пастга эгилган, баъзилари юзу кўзга тушиб турарди. Зар иплар билан боғланган парлар ўрами охиридаги жиғага қимматбаҳо тошлар тикилган, уларнинг орасида оқ марваридлар ҳам бўлиб, улар юрганда пирпирайди”.

Малика либосининг бу каби эринмай берилган таърифи биз учун бу давр хон саройидаги аёллар либослари ҳақида ҳам жуда  қимматли маълумот беради. Кўринадики, либослар нафақат ташқи жиҳатдан кўримли бўлган, шунингдек, улар биз ҳозир европача деб таъриф берадиган аёллар либослари русумига ҳам жуда яқин. Клавихо эсдаликларида бизни қизиқтирадиган яна бир жиҳат мавжуд. Унда ёзилишича, 1404 йил 3 сентябр куни Амир Темур ўзининг “Дилкушо” боғидаги элчиларни қабул қилган. Маросимда испан қироли юборган ҳадялар орасидан ҳукмдорга айниқса, қизил мовут маъқул бўлган ҳамда бу ҳақда ўз хотинлари, биринчи навбатда Сароймулкхоним билан фикрлашган. Аввало, бу детал ҳам соҳибқироннинг аёлга муносабатнинг яна бир катта ва ёрқин намунасидир.

Элчининг тафсилотларида биз учун эътиборли бўлган яна бир жиҳат бор. У ҳам бўлса, Соҳибқирон аёлларига бўлган ҳурмат ва эътибор: “Малика билан уч юзга яқин аёл биргаликда келишди. Маликанинг юзига офтоб тушмаслиги учун бир киши худди чодирнинг тепа қисмидек дум-думалоқ қилиб оқ шоҳидан ясалган ва ҳалқасимон ёғоч чивиққа тортилган соябонни тутиб борарди. (Ким билади Ғарбий европада соябонларнинг урф бўлишига мана шу элчиларнинг юртимизга ташрифи давомида кўрган кечирганлари ҳам сабаб бўлгандир, ҳар қалай Францияда дастлабки соябонларнинг пайдо бўлиш санаси ХVII аср эканлиги бизда шу каби мулоҳаза ҳам уйғотади). Ҳарам оғалари хоним ва аёллардан олдинда борардилар. Шундай қилиб, хоним улуғ Амир ўлтирган кўшкка келиб Темурбекдан бироз орқароққа бориб жойлашди... Хонимни кузатиб келган аёлларнинг ҳаммаси кўшкдан ташқарида жойлашдилар. Хонимнинг ёнида учта аёл унинг бошидаги қизил қалпоқни тушиб кетмаслиги учун тутиб турардилар”. Бу каби илтифот Темурнинг бошқа аёлларига ҳам кўрсатилган. Улар ҳам навбати билан келиб, худди шунча хос канизаклари билан тилга олинган тартибда ўзлари учун белгиланган жойдан ўрин олишган.

Шу йилнинг 17 сентябрида Сароймулкхоним томонидан берилган катта зиёфатга таклиф этилган элчининг эътиборини энди Бибихонимнинг соч турмаги ўзига тортади ва бу ҳақда у шундай ёзади: “Хонимнинг тим қора сочлари елкасига тушиб турарди. Улар, умуман, бу ерликлар қора сочни юксак қадрлайдилар. Ҳатто сочни янада қорайтириш учун уни бўяйдилар. Хоним бошидаги қизил қалпоқ тушиб кетмаслиги учун бир неча аёллар қўллари билан тутиб турардилар”. Юқоридаги тафсилотдан кўринадики, Бибихонимнинг сочи ва юзи очиқ бўлган.

Дастурхон йиғилгач, элчилар сайрга таклиф этилади.

Элчилар бу ерда қад ростлаган чодирларни ва улардаги буюмларни ҳайрат ила кузатадилар. Ипсиз тикланган чодирларга ёпилган кашталар, нафис шоҳилар, уларга тортилган зарҳал кумуш тўқалар қадалган тасмаларни кузатар эканлар, бу ерликларнинг чодир тиклашдаги маҳорати эътиборларини тортади. Шу сабабли кундаликларда ингичка нафис қизил навдалардан тўқилган, ташқи томондан қадимги бика шоҳи билан қопланган эса-да, ҳаво кириб турадиган, ичкаридан туриб, ташқарини кузатиш мумкин бўлган нафис эшикларнинг бари ҳайрат ила таърифланади.

Қўшни чодирдаги буюмлар таърифи эса бундан-да ҳайратомуз таассурот уйғотгани сезилади. Айниқса, бу ердан ўрин олган олтин буюмлар таърифи, ўйлайманки, бугунги кунда ҳам энг нозик таъб санъат ихлосмандларини ҳам ҳайратга солмай иложи йўқ. Унда айтилишича, бу ердан одам кўкрагидан келадиган олтин сандиқ ўрин олган. У жавонли бўлиб, усти майда кунгуралар ила безакланган. Кунгуралар мовий ва оқ сирли ранглар ила бўялиб, марварид ва турли қимматбаҳо тошлар ила зийнатланган. Сиртининг марказига марварид ва турли тошлар оралиғига майда ёнғоқ ҳажмида, хирароқ тусдаги дум-думлоқ олмос ўрнатилган. Сандиқнинг кичик эшикчаси бўлиб, унга чинни пиёлалар жойланган. Сандиқ устида дуру жавҳарлар ила безакланган олтита олтин кўвача ва шунча олтин пиёлалар терилган. Сандиқ пойидан ўрин олган бир қарич баландликдаги олтин хонтахта ҳам турли қимматбаҳо тошлар ва йирик марваридлар ила безатилган. Тепасига узунлиги икки қарич, эни бир ярим қарич келадиган рангли, ўймакорлик ила жилоланган тахтага тенг баробар зумрад ўйиб ўрнатилган.

Элчиларни хонтахта қаршисидаги олтин дарахт, айниқса ҳайратлантиради. Бўйи одам баландлигича келадиган ушбу дарахт олтин товоққа ўрнатилган. Дарахтнинг танаси одам оёғи йўғонлигича бўлиб, унинг шохлари эман барглари сингари япроқлар билан қопланган. Унинг йирик-йирик, думалоқ ажойиб мевалари бўлиб, улар сарғиш, қизил, зангори ёқутлар, зумрадлар, ферузалар ва марваридлар билан безакланган. Бу каби қимматбаҳо тошлар нафақат меваларга, шунингдек дарахт танасига ҳам ўйиб ўрнатилган. Дарахт меваларига қўниб турган олтин қушчалар бундан-да, ажойиб. Улар гўё турли ҳолатларда “қотиб қолган”. Турли ранглар билан сайқал берилган қушчаларнинг баъзиси энди қўнаяпти, бошқаси меваларни чўқиб еяпти, яна бошқаси тушиб кетаётгандек шохчага зўрға илиниб қолган. Айримлари дарахтдаги ёқут, феруза, марварид ва бошқа тошлардан ишланган меваларни тумшуқлари ила чўқиб кўраяпти.

Амир Темур вафотидан сўнг Самарқанд тахтига унинг набираси Халил Султон Мирзо ўтирди. Ибн Арабшоҳнинг маълумотига кўра, Халил Султон Мирзонинг хотини Шод Мулк бегим 1408 йилда Сароймулкхонимни заҳарлаб ўлдирган. Сароймулкхонимнинг жасади ўзи қурдирган мадраса ёнидаги мақбарага тош тобут ичига солиниб, мўмиёланиб дафн қилинган. 1941 йил    июн ойида Гўри Амир мақбарасида абадий уйқуда ётган Амир Темур, Шоҳруҳ Мирзо, Муҳаммад Султон Мирзо ва Улуғбек Мирзоларнинг қабри очиб текширилгач, Сароймулкхоним қабри ҳам очилиб, унинг жасадини текшириш мақсадида Тошкентга олиб келинган. Кейинчалик жасад қайтадан қабрига қўйилган.

Ғарбий Оврупо олимлари, хусусан, Бретшнейдер Шоҳруҳ Мирзо Сароймулкхонимдан туғилган, деб ёзган бўлса-да, тарихий маълумотлар Соҳибқирон Амир Темур бу маликадан фарзанд кўрмаганини тасдиқлайди.  Аммо Соҳибқирон ўғли Шоҳруҳ Мирзони, набиралари Муҳаммад Султон Мирзо, Халил Султон Мирзо, Улуғбек Мирзолар тарбиясини бевосита Сароймулкхонимга ишониб топширган.

 

Дилфуза Раҳматуллаева

Санъатшунослик фанлари доктори, профессор,

“Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси

 

 

← Нашрлар рўйхатига қайтиш