Хотира мангу яшар!

Хотира – инсон умрининг маҳсули,  яшаб ўтган ҳаётимизнинг ростгўй тарозубони. Инсон ўзига ўлчаб берилган умрни яшар экан, бу йўл яхши ва ёмон, ёруғ ё армонли хотиралар билан шууримизга муҳрланади. Бир куни келиб, умр пиллапояларимизнинг сўнгги бекатида, ортимизга боқиб, ўша хотиралар билан юзлашамиз. Ўша онда  “ҳаётда бекор яшамабман, умрим зое кетмабди” деган хулосага кела олишимиз, ўтказган умримиздан мамнунлик ҳисини туя олишимизнинг ўзи энг катта саодат аслида. Шундай экан, умримизни савобли ишлар, яхшиликлар билан нақшинлаш ҳар биримизнинг ўз қўлимизда.

Шукурким, бугун дунё саҳнида Ўзбекистонимизнинг ўз ўрни, ўз мақоми бор. Бунинг барига юртимиздаги тинчлик ва хотиржамлик сабаб. Аммо мана шу тинчликни, мана шу мусаффо осмонни қанчадан-қанча аждодларимиз орзу қилмаган эди дейсиз?...

Болалигимизда, биз набиралар, супада чой ичиб ўтирган бобомнинг атрофларига йиғилиб олиб, улардан уруш ҳақидаги  қизиқ ҳикояларини эшитишни хуш кўрар эдик. Ҳаммамиз ҳар томондан бобомни саволларга кўмиб ташлардик.

- Бобожон, нега бир қўлингиз йўқ?.

- Урушда ташлаб келганман болам... 

Нигоҳларида армон муҳрланган бобомнинг ҳамма ҳикояларини ҳаяжон билан тинглардим. Болалик шууримга муҳрланган хотиралардан бири, бобом ҳикояларининг ичида бирини кўп такрорлар ва айтаётганда бир нуқтага тикилганча узоқ муддат сукут сақлаб, хотиралар оғушида жим хурсиниб қўярдилар. Хотиралар бобомни олис уруш майдонларига олиб кетар экан, энди билсам.

Онамнинг оталари бўлмиш бобом, ўн етти ёшида урушга кетиб, жангда дайди ўққа дуч келиб, бир қўлларидан айрилиб қайтганлар. Ҳикоя қилишларича, Содиқ исмли ҳамқишлоқлари оилада еттита қиздан кейин ягона ўғил бўлиб, оналари йиғлай-йиғлай якка-ю ягона ўғилларини  уришга кузатган эканлар. Ва ҳар куни хат келишини кутиб, остонада телбанамо йўл пойлаганча умрлари поёнига етган. Бобом Содиқдан кейинроқ урушга кетган бўлсаларда, жанг майдонларнинг бирида дўсти билан ногоҳон учрашиб қолишади, жангу-жадалда тузукроқ гаплашишнинг ҳам иложи бўлмаган, аммо бобом ўша кунгги ҳамқишлоқларининг ғамгин кўзларидаги меҳрни, катта соғинчни неча йиллар давомида унутолмадилар, такрор-такрор сўзлаб  берардилар. Афсуски, Содиқ урушдан қайтмади. Аммо унинг ўша тикилган маюс нигоҳи бобом хотираларида кўп йиллар яшади, бу интиқ нигоҳ - юрт меҳри, ватан соғинчи эди.

Бугун биз учун уруш ҳикоялари эртакдир, аммо дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга назар солиб, қўшни мамлакатларда содир бўлаётган нотинчликларни кузатар эканмиз, барча халқлар ҳам мана шу тинчлик деб аталмиш улуғ неъматдан бирдек баҳраманд эмаслигининг гувоҳи бўламиз. Бунинг натижасида оналар беҳаловат, қариялар хотиржам ҳаёт кечиришдан, фарзандлар рисоладагидагидек таълим-тарбия олишдан  маҳрумдирлар.

Отам хотирлашларича, урушнинг сўнгги йилларида, мамлакатда очарчилик ҳукумрон, оталар урушда, касалманд волидалари қишнинг қирчилламасида амаллаб тўрт жўжабирдай жонни бир кун оч, бир кун чала тўқлаб, амаллаб кун кўришган пайтлар.  Оналари ҳар куни: “Худойим, болаларимни соғ-омон кўкламгача етказ, у ёғига ердан қулоқ чиқарган чимни еб кун кўриб кетишар”, дея илтижо қиларканлар...

Имом Тарабоний ривоятларида: “Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулик бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан.” - деган эканлар.

Кези келганда қаттиқ таъсирлантирган бир воқеага тўхталмоқчиман. Бир тадбир сабаб, қўшни Афғонистондан юртимизга меҳмон бўлиб ташриф буюрган ҳамкасбимизни дўстларимиз пойтахтимизнинг энг яхши меҳмонхоналаридан бирига жойлаштиришади. Эртанги тонгда нонушта устида азиз меҳмондан “Яхши дам олдингизми?”-дея сўрашади. Меҳмон, бир оз сукутдан сўнг, бир хўрсиниб шундай гап бошлайди:

- Балки сиз мен ҳозир айтадиган гапларимга ишонмассиз, аммо бу ҳақиқат. Мен бу тун шунчалар мириқиб ухлабманки, гўё жаннат боғларидагигандек ҳис этдим ўзимни. Бунчалар ҳаловатли ва осуда уйқуни бизнинг халқимиз унутиб қўйганига анча бўлган. Биз кунларимизни ҳадик билан ўтказамиз, тунларни ҳавотир билан қарши оламиз. Ҳар куни уйқуга кетишдан аввал оила аъзоларимиз билан рози-ризолик сўраб, видолашиб уйқуга ётамиз. Чунки ҳар кеча қаердадир ё бомба портлаши ёки қуроллардан отилган ўқнинг машъум овози, ёинким қайсидир бир бечоранинг айрилиқдан аламли дод-фарёди қалбимизни тилка-пора қилади. Қайсидир бир биродаримиз узоқроқ жойга отланса, бир-биримизга алвидо айтиб хайрлашамиз, чунки унинг соғ-омон қайтиши биз учун даргумон. Шундай кўргуликлар юракни эзган дамларда,  бошимни олиб узоқларга кетиб қолгим келади. Аммо на иложким, ота-боболаримнинг ҳоки ётган ерни ташлаб қаерга ҳам борардим...

Дунёда муқаддас тушунчалар бисёр, аммо булар ичида шундай бир неъмат борки унинг соғинчи олдида шоҳу гадо баробар, унинг қадри дунёнинг жамики дуру гавҳарлари, бойликларидан-да баланд. Бу Ватан аталмиш макондир! Шукур, бугун бизнинг кунларимиз ҳаловатли, тунларимиз тинч ва осуда.  Биз қанчалар огоҳ ва ҳушёр бўлсак, юртимиз, оиламиз ва фарзандларимиз хавф-хатардан йироқ бўлади. Зеро, неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри ато этилишига ҳам боғлиқдир.

Дастлаб сўзимни бобом хотираларидан бошлагандим, ана шу мавзу билан поёнлатмоқчиман. Бобом мустақиллигимизнинг илк йилларида, унинг эпкинларини ҳис этиб вафот этдилар. Авваллари “Ватан учун” жанг қилганларидан кўп фахрланиб гапирган бўлсалар, умрларининг охирги йилларида, уларни бир савол қийнаб ўтди, армон бўлиб қолди. Улар англаб етган ҳақиқат шу эдики: Қанчадан-қанча ёш, навниҳол йигитларнинг умрига зомин бўлди бу уруш. Биз аслида кимнинг Ватани учун жон олиб, жон бериб курашган эдик?…

Минг шукурлар бўлсинким бугун биз, ўзимизнинг Ватанимиз қучоғидамиз, ўз ватандошларимиз корига ярамоқ бахтига эгамиз. Бу Ватаннинг мана шу тинчлиги, ободлиги, фаровонлиги ва беғубор осмонини асраб-авайлаш эса ҳар бир юртдошимиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир. 

Бугун халқлар, миллатлар, давлатлар катта бир хавф олдида бирлашмоқдаларки, бу ҳам бўлса кўзга кўринмас бало – коронавирусдир. Бугун бирор мамлакат йўқки, бу иллатдан завол кўрмаётган бўлса. Дунёда қурол-яроқсиз, танку бомбаларсиз кураш кечмоқда-ки, бу курашда фақат ҳамқадамлик ва ҳамжиҳатликда, жамики инсоният ҳамфикрликда,  бирлашибгина ғолиб бўлиши мумкинлигини англаб етмоқда.

Юртимизга келган бу балоларни ҳам албатта енгажакмиз. Ахир биз, бошига тушган не-не курашу кўргуликларни матонат билан енгиб ўтган мардонавор халқмиз. Яратганнинг ўзи халқимизни ва бутун инсониятни ўз паноҳида асрасин.

 

 Хотира

Неча кун жанг борар  суронли, нотинч,

Уйқусин йўқотган ҳорғин далада.

Дилда фақат бир сўз, тилак ва илинж,

Ортга йўл йўқ, мақсад фақат ғалаба!

 

Жангчилар   илдамлар олдинга шаҳдам,

Ўқдан тилка-пора метиндайин тан.

Чекинмоққа йўл йўқ ҳатто бир қадам,

Ахир ортда юрт бор, орқада ватан...

 

Баногоҳ учрашди жанг майдонида,

Бир овулда ўсган икки қадрдон.

Фурсат йўқ суҳбатнинг онимас бунда,

Фақат нигоҳлари сўзлашур пинҳон.

 

-Дўстим омонмисан?

 -Сен ҳам бормисан?

Ўзингни авайла ва ёдингда тут.

Насиб этмаса-ю, жангдан қайтмасам,

Менинг шу сўзларим бўлмасин унут.

 

Ватанни соғиндим, юртни соғиндим.

Осуда кунларни баридан кўпроқ.

Тинчлик замонида яшаш орзуим,

Қайсимизга насиб, у кунни кўрмоқ.

 

Кўз илинса қалқир беғубор осмон,

Шошиб очсам уруш, аёвсиз танглик.

Ажал майдонидан соғ чиқмоқ гумон,

Оҳ, қандайин ширин қўшиғинг, тинчлик!

 

Бир дайди ўқ келиб тегди ногаҳон,

Ўғлоннинг фалакка тикилди кўзи.

Орзулар ҳам энди мангулик армон,

Лабдан учди “Ватан” энг сўнгги сўзи...

 

Йиллар ўтса ҳам-ки, юракда бир тош,

Қалбида чандиғи, армон, ўкинчи.

Бир жангчи бош эгар кўзларида ёш,

Қадри шундай баланд Тинчликнинг!

           

Зилола Хўжаниёзова,

“Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси

← Нашрлар рўйхатига қайтиш