Улуғ халқнинг буюк жасорати мангу яшайди!

2020 йилда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги халқаро миқёсда кенг нишонланади. Бизнинг мард, енгилмас ва олижаноб халқимиз буюк Ғалабани таъминлашга беқиёс ҳисса қўшгани билан барчамиз ҳақли равишда фахрланамиз.  Биз уруш ва фронт орти фахрийларини фақатгина байрамларда эмас, балки ҳар доим эъзозлаб ардоқлашимиз, уларнинг соғлиги ҳақида ҳар куни, ҳар соатда ўйлашимиз лозим. Жорий йилда уларга ҳар томонлама эътибор янада кучайтирилади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатномасидан

Маълумки, ҳар йил 9 май куни Хотира ва қадрлаш куни сифатида  кенг нишонланади. Ушбу байрам Ўзбекистонда асрлар давомида ўлкамизни ҳимоя қилган, унинг эркинлиги, мустакиллиги ва халқининг тинчилиги учун курашган ватандошлар хотирасига бағишланади.

Шунинг учун ҳам хотира ва қадрлаш тушунчаси бизга қадрли ҳамда чуқур маънога эгадир. Ушбу кунда ўз Ватанини ҳимоя килишда жонини фидо қилган Тўмарису Широқ, Спитамен, Жалолиддин Мангуберди, Нажимиддин Кубро, Амир Темур, Заҳириддин Бобур каби саркарда, қаҳрамонлар билан бирга асрлар давомида халқ орзу қилган ҳурлик ва эркинлик учун курашган Абдулла Қодирий, Беҳбудий, Мунавварқори, Чўлпон, Абдулла Авлоний, Абдурауф Фитрат, Усмон Носир каби милий каҳрамонларимизни руҳини шод этиб эслаш ҳам фарз ҳам қарздир.  

Бутун инсоният иккинчи жаҳон урушида қатнашган, аёвсиз жангу жадалда қаҳрамонларча ҳалок бўлганлар хотирасини  асло унутмайди. Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, уруш майдонидан омон қайтган боболаримизга, оғир кунларни сабр - бардош билан енгган, машаққатли дақиқаларда юртини, халқини унутмаган, бир қарич ерини душманга раво кўрмаган ёши улуғ юртдошларимизга ҳурмат, эҳтиром кўрсатиш ҳам ғурур,ҳам фахр беради. Бундай халқни улуғлаш миллий қадриятга айланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йил 23 октябрдаги ПҚ-4495-сон  «Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисида»ги  қарори ўзбек халқининг фашизмга қарши жанглардаги мардлик ва қаҳрамонлигини, уруш ортидаги фидокорона меҳнатини, тарихий хизматларини жаҳон ҳамжамиятига етказиш ва абадийлаштириш, шунингдек ёш авлодни ота-боболаримиз жасоратига муносиб руҳда тарбиялаш, уларнинг онгида тинчликни асраб-авайлаш ҳиссини қарор топтиришда муҳим аҳамиятга эгадир.  Мазкур қарорга кўра, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий чора-тадбирлар дастури қабул қилингани, ҳамда Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус қарори асосида Ғалаба боғи барпо этилаётгани, шунингдек, Ғалабанинг 75 йиллиги шарафига “Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 75 йиллиги” эсдалик юбилей медали,  “1941-1945 йиллар Улуғ Ватан урушидаги шавкатли меҳнати учун”, “Меҳнатдаги жасорати учун”, “Меҳнатда ўрнак кўрсатганлиги учун” медаллари, пул мукофотлари назарда тутилганининг ўзи уруш қатнашчиларига кўрсатилаётган эҳтиромнинг яна бир ёрқин ифодасидир. Ғалабага муносиб ҳисса қўшган улуғ халқнинг буюк жасорати ҳеч қачон унутилмайди, Зеро, бизнинг халқимиз ватанпарварлиги билан дунёда ўз ўрнига эгадир.

Мамлакатимиз тарихида ўзининг алоҳида ўрнини эгаллаган генерал Собир Раҳимовдек метин иродали  қаҳрамонларимиз борлиги халқимиз, айниқса, ёшларимиз учун тарихий ҳақиқатдир.  Бу ғалабага  улуғ халқимизнинг улкан ҳиссаси борлиги барчамизни илҳомлантиради, қувонтиради янада бирлаштиради. Зеро, ўша кезларда  ўзбек оилалари турли миллатга мансуб болаларни ўз бағрига олиб бошини силагани,  бир бурда нонини улар билан баҳам кўргани, 45 кунда Фарғона каналини бунёд этгани маълум. 1 миллион 500 мингдан зиёд Ўзбекистонликлар фронтга сафарбар этилгани ҳамда уруш йилларида   кўрсатилган буюк жасорат, инсонийлик ва бағрикенгликнинг чинакам намунаси айни ҳақиқатдир.

Вақт ўгани сари Иккинчи жаҳон уруши йилларида юксак инсонийлик намунасини кўрсатган юртдошларимизнинг ғалабага қўшган ҳиссаси қадри янада ортиб бораверади. Мана шу унутилмас дамларда кўпни кўрган, синов ва қийинчиликларда тобланган, кўп асрлик тарихимизда ўчмас из қолдириб, Ўзбекистонимизнинг бугунги ва эртанги кунини бунёд этишда фидоийлик кўрсатиб келаётган меҳнаткаш ва бағрикенг халқимизга Ғалаба байрами муборак бўлсин. Бугун синовли кунларда  халқимиз уларнинг тинчлик йўлидаги буюк жасоратига ҳамоҳанг ҳамжиҳатликда, шу билан бирга, эртанги кунимизни янада юксалтиришга мустаҳкам замин яратиш, эртангги истиқболли ишларни давом эттиришга илми ва қудрати етадиган етук ва баркамол авлодни оилада, онлайн режимидаги таълим орқали камол топтириш барчамизнинг: ҳар бир ота-онанинг, ўқитувчи-мураббийнинг энг асосий вазифасидир.  Ана шу вазифамиз билан бирга мустаҳкам ирода, сабр-бардошлик билан пандемияни ҳам енга оладиган кучга эгамиз. Улуғ халқнинг буюк жасорати, қудрати буюк маънавий қадриятини ўзида ифода этган ғалаба байрами муборак бўлсин, азиз ҳамюртлар.

Ф.А.Мухитдинова,

ТДЮУ профессори, тарих фанлари доктори,

“Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси

← Нашрлар рўйхатига қайтиш