Тинчлик – энг тотли сўз!

Буюк Ғалабанинг 75 йиллигига

Машҳур кинофильмлардан бирида “Озодлик – энг тотли сўз”, деган ҳайқириқ тез-тез такрорланади. Дарҳақиқат, озодликнинг – инсонга инсон бўлиб яшашдек саодатни ато этувчи Озодликдек бебаҳо туйғу яна бормикан? Албатта. Бу – тинчлик! Урушсиз кунларнинг руҳий осойишталиги, меҳнат, бунёдкорлик шукуҳи, яратувчанлик завқи... Лекин ана шу саодатни, шу шукуҳ ва завқни бутун қалб билан ҳис қилиш учун урушни, уруш фидойиларини, уруш қурбонларини ҳамиша эслаш жоиз. Мамлакатимизда ҳар йили май ойининг аввалида – хотира ва қадрлаш кунида биз тарихда энг қонли, энг кўп йўқотишларга сабаб бўлган Иккинчи Жаҳон урушини одатий кунлардан кўпроқ хотирлаймиз. Бу ҳам табиий ҳолат. Чунки ҳар бир кунинг ёдланишга арзийдиган ўз қаҳрамонлари бор. Лекин барибир Иккинчи Жаҳон урушининг аламлари, изтироблари улкан. Бу йил фашизм устидан қозонилган Буюк Ғалабанинг 75 йиллигини нишонлашга ҳозирланар эканмиз, уруш қаҳрамонлари, уруш фидойилари қалбимизга берган ғурур, фахр туйғулари баробар унинг ўша ўчмас аламларини ҳам ёдлаймиз.

Менинг она тарафдан боболарим ер-сувли мулкдор кишилар бўлгани учун ўтган асрнинг ўттизинчи йилларида Украинанинг Харьсон вилоятига сургун қилинган. Уруш пайтида бувим, тоғаларим фашистларнинг босиб олган жойларида қолиб кетишган. Ўқувчилик пайтларимизда бувимдан (Улар урушдан кейин юртимизга қайтишган):

  • Гапириб беринг, ахир, немисларни ўз кўзингиз билан кўргансиз-ку... – дея илтимос қилганимда, у киши бир неча бор:
  • Отиям, ўзиям ўчсин, билмай қўя қолгин! – деганлар. Уруш ҳақидаги тасаввурларимиз советларнинг ғалабаси билан тугаган жангларга қурилгани учун ўша қаҳрамонликларни эшитгим, дарсларда гапириб бергим келармиди, вақт ўтказиб яна сўрайверардим. Юқори синфдалигимда бувим бир сафар шундай воқеани кўзида ёш билан гапириб берган эдилар:
  • Кимё ойи деган қўшнимиз бўларди, ёши улуғроқ бўлгани учун ҳаммамиз у ёқ, бу ёқдан сургун бўлиб борганлар у кишини “ойи”, деб чақирар эди. Ойимизнинг икки ўғлини бир кечада олиб кетишган, тўнғич ўғлидан ёдгор невараси билан бу тарафларга сургун қилинган экан.
  • Ўғилларимнинг тақдири нима бўлганини билмайман. Бировлар отишган дейди, бировлар совуқ ўлкаларга юборилган дейди. Тўнғичимнинг ҳаётини, мана бу Муроджонимнинг онаси ҳам: “Эрим халқ душмани экан, ундан кечдим”, деб ёзиб бериб жонини асраб қолди. Менинг энди қувончим ҳам, юпанчим ҳам, умидим ҳам шу – Муроджон, дерди шўрлик ойи. Ўзиям неварасини еру кўкка ишонмасди. Емай едириб, киймай кийдирарди.

Немислар биз яшаб турган қишлоқни эгаллагач, тез-тез аҳолини майдонга ҳайдаб чиқар, улар кимларнидир отиб, кимларнидир осишар, биз эса киприк қоқмай томошабин бўлиб туришимиз керак эди. Фашистлар уларни “Партизанлар” деб атарди. Шундай кунларнинг бирида Кимё ойининг Муроджони дорга осилаётган бечорага яқинроқ турган эканми, немисларнинг малайлари бўларди русча гапирадиган, улардан бири бола бечоранинг билагидан ушлаб:

  • Кўр, ана, кўр! Бизга қарши чиққанларнинг аҳволи нима бўлади! – дебди... Кимё ойи неварасига “Дод, тегманглар”, деб ёпишган. Уйга қайтишгандан сўнг болакай беҳузур бўлаверди, қайд қилди. Ўзимиздан дўхтирлар бор эди, келиб кўришиб:
  • Қўрққан, сув ичириб туринг,- деб кетишди. Бола ярим кечада узилди. Сўнг билсак, ойининг Муроджонининг қўрқувдан ўти ёрилиб кетган экан, заҳари ичига тарқагач...

Бувим Муроджоннинг вафотидан сўнг ойининг эси кирди-чиқди бўлиб қолгани, нуқул неварасининг қабри ёнига кетиб қолаверадиган бўлиб қолганини титраб-титраб гапириб берган эди. Ҳа, фашистлар отган, осган, бомба, граната, танк тагида ҳалок қилганлари қанча, лекин арслондай ўғиллари қатағон қилиниб, юраги парчаланган, зулмкорлар туфайли ягона умидидан жудо бўлган Кимё ойи каби уруш қурбонлари қанча экан?! Норасида, бегуноҳ Муроджон кабилар-чи? Агар уруш бўлмаганида, ўша болалар кўзининг ўтини оладиган ўлим намойиш қилинадиган майдон томошаси бўлмаганда у ҳам қўрқувдан ҳалок бўлмасди, бир ботир йигит бўларди, эҳтимол.

Урушнинг армонлари битта Кимё ойи ё унинг Муроджони билан тугармиди?!

Онамнинг дадаси Нормат бувамизни ўз юртидан бадарға этилганлари етмагандек, Украинадан – Уралга – кон қазишга – ишчи батальонига жўнатишган. Бу батальонга Ўзбекистоннинг ўзидан ҳам минглаб эркаклар юборилган. Бобомдан:

  • Конда ишлаяпмиз. Жуда совуқ. Уч қават пайтавада ҳам оёғимиз илмайди. Қани эди жун пайпоқ юборолсаларинг... – деган хат келган экан.

Онам отаси ҳақида гап кетганда, доим шу хатни эслаб йиғлаб юборардилар:

  • Жун пайпоқ юборганмиз. Лекин отам уни кийиб, оёқлари бир марта бўлсаям исиндимикин? “Хасталаниб, қазо қилди”, деган хабар олганмиз. Қаерда, қандай ҳолатда дунёдан ўтди эканлар? Тўрт фарзандни дунёга келтирган инсоннинг сўнгги дамда оғзига бир қултум сув тутадиган банда бўлдимикан? Ё тош, тупроқ тагида кўзлари очиқ қолиб кетдилармикин?!... Онамнинг зорланишлари ҳануз қулоғим остида акс садо беради.

Ишчи батальоннинг қурбони ҳам битта менинг бобом эмасдир... Уруш бўлмаганида, ўша конларнинг бойлиги тезкор равишда ғалаба учун керак бўлмаганида онам, тоғаларим ўз оталарининг совуқ дийдори тугул, ҳоки кўмилган бир ҳовуч тупроққа ҳам зор бўлиб ўтиришармиди?! “Бош уриб йиғлай десам, мозори йўқ”, деган аламли қўшиқлар мана шундай қурбонликлардан қолган эмасми?

Қишлоғимизда Жумамурод деган киши бўларди, ҳамма уни Жумот чўлоқ, деб атарди. Чунки бир оёғини олдинга ташлаб, қўли билан таяниб юрарди. Бола-чақаси йўқ, ҳеч ким билан борди-келди қилмас, саломга ҳам ҳуши келса, алик оларди, холос. Болалигимизда ундан ҳайиқар эдик. Кейин катта бўлганимда билсам, урушда немисларга асир тушган экан. Ит азобини тортиб, ғалабадан сўнг юртга қайтгач:

  • Сен асир тушгансан, сотқинсан, - деб яна қамашган экан.
  • Концлагерда немислар бошлаган ишни советлар охирига етказиб қўйишган. Хуллас, тўрт мучаси соғ кетиб, мана шунақа мажруҳ бўлиб қолган. Ҳеч кимга ишонмайди, ҳеч кимни яхши кўрмайди,- деган эди менга тенгдош қариндошларидан бири Жумамурод амаки ҳақида сўраганимда. Жумамурод амаки сингари бир умр ҳам руҳан, ҳам жисмонан майиб бўлиб яшаган асирлар ҳам оз бўлмаса керак. Биз ҳақли равишда ўша дунёга ҳокимлик даъвоси билан чиқиб, шармандаларча енгилган фашизм устидан қозонилган ғалаба эгалари – музаффар аскарларни ҳурмат билан ёд этганимизда урушнинг барча жабрдийдалари, барча армон одамларини ҳам ҳеч йўқ бир кун хотирлаб қўйсак адолатдан бўлади, деб ўйлайман. Ҳеч бўлмаса ўша аламлар, ўша армонларқаршисида бугунимизни чуқурроқ ҳис қилиш учун ҳам, бу хотиралар керакдай... Тинч отаётган ҳам бир тонгни мўжизадай қарши олиш, унинг кундузларини меҳнат, билим билан яхшиликларга айлантиришга киришиш, шунга руҳан интилиш учун ҳам уруш билан боғлиқ барча изтиробларни эслаш жоиздай...

Мен эсга олганлар энди йўқ. Уларнинг баъзларининг авлодлари ҳам йўқ, ўзлари билан бирга авлодлар занжиди ҳам ўша санада синиб, парчаланган. Демак, уларга энди ҳеч нарса керак эмас. Бизга эса хотирлаш, улара икки калима дуо ўқиб қўйиш ўзимизни руҳан юксалтириш, юксалтириб мукаммалликка интилиш учун керакдай...

 

Қутлибека Раҳимбоева,

“Маърифат”

 тарғиботчилар жамияти аъзоси

← Нашрлар рўйхатига қайтиш