Рамазон – ойларнинг султони ва маънавий тарбия ойи!

Рамазон ойи хайр-барака, руҳий тарбия, қалбан покланиш, руҳий-маънавий озуқа, нафсни жиловлаш, ҳаллолик, виждонийлик ва фарзлар амали ойлиги десак ҳечам муболаға бўлмайди. Рўза динимиз расм- русмларига кўра бешта асосий устунлардан бири бўлган рамазон рўзаси фарз қилинган ой ҳисобланади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар (с.а.в) дедилар: “ Сизларга муборак рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла унинг рўзасини тутмоқликни фарз қилди. Унда осмонларнинг эшиклари очилади. Унда жаҳаннамнинг эшиклари ёпилади. Унда шайтонлар кишанбанд қилинади. Унда Аллоҳнинг бир кечаси бўлиб, у минг ойдан яхшидир. Ким у кечанинг яҳшилигидан маҳрум бўлса, батаҳқиқ (жуда кўп нарсадан) маҳрум қолибди” – дедилар (Аҳмад ибн Ҳанбал, Насоий, Байҳақий, Ибн Абу Шайба ва Исъҳоқ ибн Роҳавайҳлар ривояти, исноди саҳиҳ).

Дарҳақиқат бу ойда гуноҳ ва хатолар бошқа ойларга нисбатан кескин камаяди, ҳар қандай мусулмон қалби покланиш мавсумига киради.

Ушбу ойда барча мусулмонлар бир-бирларига хайр-эҳсон қилиши, ҳолидан ҳабар олиши, оғирини енгил қилиши, ибодат арконларига қалбан ва жисман амал қилишлари билан бошқа ойлардан ўзига ҳос руҳий – маънавий жиҳатлари билан фарқланади.

Демак рамазон ойи руҳан покланиш, руҳиятнинг ўзи нима, унинг таркиби нималардан иборат, уни қандай қилиб тарбиялаш ва қандай озиқлантириш мумкин, шу каби саволларга жавоб ахтарамиз.

Борлиқдаги нарса ва ҳодисалардан завқланиш, нафис ҳис-туйғуларга ғарқ бўлиш, атроф-муҳит жозибасини чуқур ҳис этиш, инсоният яратган мўъжизалардан ҳаяжонланиш, шахслараро муносабатларга киришиш, атрофида бўлаётган воқеликни англаш ва унга мос муносабат билдириш каби қонуниятлар инсон руҳиятининги ўзига хос жараёнлари ҳисобланади.

Қолаверса ўтмиш заҳматлари-ю, ҳозирги даврнинг илиқ нафаси, келажак эзгу ниятлари-ю олам ҳаёлати, ижодий ўй-фикрлар, мантиқий мулоҳазалар, мустаҳкам ирода, кучли характер, юксак ақл-заковат хусусиятлари ва  уларнинг ўзига хослиги – буларнинг барчаси инсон руҳиятининг ўзига ҳос таҳлил маҳсулидир.

Теварак - атрофни сезиш (сезги), моддий ва маънавий дунёни идрок (идрок) қилиш, зарурий маълумотларни эслаб қолиш (хотира), мустақил фикрлаш, воқелик моҳиятини тушуниш (тафаккур) кабилар ҳам инсон руҳиятининг асосий психологик жараёнлари ҳисобланади.

Шахснинг фазилатлари, фаолияти, хулқ-атвори, муомаласи, унинг фаоллашуви, руҳий тушгунлиги-ю, шижоати, интилувчанлиги, мардлиги, меҳнатсеварлиги, фидойилиги, ватанпарварлиги, эътиқоди, дунёқараши, қизиқишнинг намоён бўлиши ва кечиши, ривожланиши – буларнинг  ҳаммаси руҳий қонуниятлар асосида амалга ошади.

Инсоннинг ҳодисалар, ҳолатлар, вазифалар ва шарт-шароитларга муносабати ўзини ўзи англашда, ўзини ўзи баҳолашда, ўзини ўзи назорат қилишда, ўзига ўзи таскин ҳамда буйруқ беришда, ўз ички имкониятларини рўёбга чиқаришда мужассамлашади. Инсон ҳам ички, ҳам ташқи томондан ўзини ўзи англаши, миллий ўзига хослик аломатлари, бетакрор нафосат эгаси эканлиги, миллий диди – булар миллий қиёфа ёрдами ҳамда миллий ўзини ўзи (ўзлигини) англашда сайқаланиб боради. Миллий қиёфа, миллий характер, миллий онг, миллий хулқ-атвор, миллий анъаналар, маросимлар, диний расм – русумлар, миллий қадриятлар тизими, миллий маънавий ижтимоий нормалари ҳамда инсонинг эътиқоди, ҳаётий йўналишлари кабилар инсон руҳиятини этносини шакллантирувчи асосий омиллардир.

 Инсон руҳияти доим тарбияланиб бориши лозим. Асосан инсон руҳиятини унинг амал қиладиган ижтимоий нормалари, диний маросим ва расм – русмлари, миллий қадриятлари, урф – одатлари ва анъаналари асосида тарбияланиши, шаклланиши ва ривожланиши бизга кўплаб педагогик, психологик тадқиқотлардан маълум.

Демак юқоридаги фикрлардан кўринадики, инсон руҳияти асосан унинг психик жараёнлари (диққат, сезги, идрок, хотира, тафаккур, ҳаёл), психик хусусиятлари (характер, темперамент, қобилият, қизиқиш, эҳтиёж, мотив, йўналганлик, установка) ва психик ҳолатлар (эмоция, ҳиссият, ирода) каби омилларга таянади. Айнан мазкур психологик қонунияти асосида инсон руҳияти шаклланади, озиқланади ва таррақий қилади.

Инсон хулқ-атворида ижобий маънавий фазилатлар иникос  (акс) этиши учун унинг руҳиятига доим озуқа керак бўлади. Барчамизда табиий равишда “Инсон руҳиятининг асосий озуқаси ва қуввати нималардан иборат?”, “Руҳий барқарорлик ва беқарорликнинг сабаби нималарда намаён бўлади?”, “Инсонинг эътиқоди, руҳий қувватни оширадими?” каби саволлар туғилади.

 Биринчи савол, яъни “Инсон руҳиятининг асосий озуқаси нималардан иборат?”. Инсон руҳиятининг асосий озуқаси атрофидаги инсонларнинг унга нисбатан ишончи, меҳр-муррувати, кўмаги, ҳамдардлиги, қалбан биргалиги ва ўз атрофида бўлаётган воқеликка, у амал қиладиган ижтимоий нормаларга, иймон-эътиқоди, диний расм – русмларига бўлган ишончидадир.

Руҳият – тарбияланади, шаклланади, ривожланади. Инсон руҳиятинини тарбияловчи, шакллантирувчи ва ривожлантирувчи асосий омиллар уни атрофини ўраб турган воқелик, миллий қиёфа, миллий ўзлик, миллий онг, миллий маънавият, миллий характер, қадриятлар тизими, умумэътироф этилган ижтимоий нормалар, урф - одатлар ва миллий тарбия принциплари ҳисобланади. Айнан юқоридаги омиллар инсон руҳиятининг асосий озуқаси, қуввати ҳисобланади.

Иккинчи савол, яъни “Руҳий барқарорлик ва беқарорликнинг сабаби нималарда намоён бўлади?”. Руҳий барқарорлик асосан инсон руҳиятининг психик жараёнлари, психик хусусиятлари ва психик ҳолатларига таянади. Яъни инсонда мазкур психик жараёнлар, психик хусусиятлар ва психик ҳолатлар нормал ривожланган бўлса унда психик барқарорлик, акс ҳолда психик беқарорлик намоён бўлади. Инсондаги руҳий беқарорлик асосан инсон атрофида бўлаётган воқеликка адекват муносабат билдира олмаслиги, ижтимоий нормаларни тўлақонли англолмаслиги ва бунинг оқибатида уни бузиш, хулқ-атворида мавжуд тамойиллардан оғишиш яъни лоқайдлик, дангасалик, бепарволик, худбинлик, эгоизм, жиноячилик, ёлғончилик, бузғунчилик, вайронкорлик, агрессивлик (ғазаб, жаҳл), хасадгўйлик, фитна, ғийбат, риё, нафс каби маънавий иллатларни намоён қилади.

Учинчи савол “Инсонинг эътиқоди руҳий қувватни оширадими?”. Эътиқод қалб поклиги, маънавий баркамоллик,  ҳаллолик, ишонч билдириш, кечиримли бўлиш каби жиҳатлар инсон руҳиятининг қувватини ошириб борувчи асосий омиллардир.

Инсон бировга қанча яхшилик қилса, қанча кўп яхши нарса, воқеа ва ҳодисалар ҳақида ўйласа, бировларга қанча кўп яхшилик тиласа, ҳавас билан яшаса, диний расм – русумларни виждонан ҳаллолик асосида бажарса ва шу қоидаларга амал қилса унинг руҳияти покланиб боради, ўзини кучли ҳис этади, унда янги бунёдкор, инсонпарвар ғоялар уйғонади ва мазкур руҳий қонуният ундаги янги соғлом ва умуминсоний мақсадларга йўналтиради.

Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, мазкур фазилатли ва муқаддас ойни барча мусулмонлар ғанимат тутиб, руҳий поклик асосида ўтказиши инсонни маънан юксалтиради. Зеро, Аллоҳ бу муборак ойни, яхшилик, хайр-эҳсон, ризқу-рўз, файзу-барака, гуноҳ ва хатолардан фориғ бўлиш, руҳий покланиш ва руҳий қувват ойи қилиб яратди.

 

Хазрат Жабборов Республика Маънавият ва маърифат маркази, Миллий ғоя ва мафкура тадқиқотларини ташкил қилиш бўлим бошлиғи, психология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

← Нашрлар рўйхатига қайтиш