Оила – тарбия – бахт!

(15-май Халқаро оила кунига бағишланади)

 

“Тарбия биз учун ё ҳаёт - ё мамот, ё нажот - ё ҳалокат, ё саодат - ё фалокат масаласидир”

 Абдулла Авлоний

Кўп олимлар ўз тадқиқотларида маънавий таназзулнинг асосий омиллари бўйича қатор изланишлар олиб боришди, ҳар хил қизиқарли таҳлилий маълутолар асосланди, лекин буларнинг ичида одамни ташвишга соладиган бир қараганда эътиборсиздек туйиладиган, лекин оқибати таназзулга, жоҳилликка олиб борадиган бир омил, яъни оилада фарзанд тарбиясига эътиборсизлик иллати  миллатнинг маънавий танназулининг асоси десак ҳечам муболаға бўлмайди.

Хўш нега бугун ота-оналар ўртасида фарзанд тарбиясига эътиборсизлигини кўрсатиб бермоқда? Фарзанди тарбияси билан шуғулланишига қандай омиллар тўсқинлик қиляпти? Ота-оналар тарбиявий ёндашувларини биладими? Мазкур саволлар бизнинг масала юзасидан ҳамма учун бирдек аҳамиятга эга оптимал ечим топиш вазифасини олдимизга қўймоқда. Бугун бутун дунёда инсон капитали учун кураш, энг катта сармоя фарзандни яхши билимли бўлишига, тарбиясига тикилаётган бир вақтда фарзанд тарбиясига эътиборсизлик иллати кучайиб бораётганлиги ҳаммамизни ташвишлантиради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 июлдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришнинг янги босқичга кўтариш тўғрисида”ги Қарорида оилада фарзанд тарбиясига эътиборсизлик ички таҳдид сифатида қайд қилиниб, унга қарши самарали кураш олиб бориш вазифаси қўйилди.

Юқоридаги масалани нечоғлик  хавотирли ва долзарблиги тўғрисидаги мулоҳазаларни асослашда Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан бугунги мураккаб мафкуравий жараёнларни илмий-амалий жиҳатдан атрофлича таҳлил қилиш, баҳолаш, устувор йўналишларни аниқлаб, уларнинг аҳоли турли қатламларига таъсирини ўрганиш ва зарур мақсадли ва манзилли тавсиялар ишлаб чиқиш мақсадида, жойларда ўтказилган сўровлар натижаларидан мисоллар келтириш мумкин. Жумладан, мазкур ташхис ишларида аҳоли орасида  Ота-оналарнинг фарзандига яхши тарбия бериши учун нима ҳалақит бераяпти деб ўйлайсиз? деб берилган саволга Навоий (60%), Жиззах  (57,4%), Сирдарё (57%), Самарқанд (53%), Бухоро (44%) вилояти ҳамда Тошкент шаҳрида (50%) ота-оналар тарбия методларини билмайди ва тарбиядаги оиланинг масъулиятини англамаслиги деб жавоб беришган, бу кўрсаткичлар ота-оналарнинг фарзанд тарбиясига эътибор борасида масалани жиддий ўйлаб кўришларини тақазо қилади.

Демак биз оилада фарзанд тарбиясига эътиборсизлик ички таҳдидини мазмун моҳияти, унинг инсон, халқ, миллат учун аянчли оқибатлари тўғрисида аҳоли орасида кенг кўламдаги мақсадли ва манзилли профилактика тадбирларни олиб боришимиз мақсадга мувофиқ. Зеро, буюк олим Имом Ғаззолий айтганидек  “Болалар ота-оналарига берилган бир омонатдир. Боланинг қалби ҳар қандай нақшу тасвирдан холи бир қимматбаҳо гавҳардир. У қандай нақш солинса, қабул қилади, қаёққа букилса, эгилади. Агар яхшиликка ўргатилса, шу билан ўсади ва шу асосда камолот ва саодатга эришади. Унинг са­вобига ота-онаси ҳам, ҳар бир муаллиму устозлари ҳам шерик бўладилар. Агар ёмонликка одатлантирилса, ҳайвонлардек ўз ҳолига ташлаб қўйилса, охир-оқибат ҳалок бўлади. Гуноҳи эса унинг тарбияси учун жавобгар бўлганларнинг гарданига тушади”.

Тарбия масалаларига эътиборсиз қаралган вазиятда юзага келадиган кўнгилсизликлар ҳам, у келтириб чиқарадиган зарарли оқибатлар ҳам барчамизни огоҳликка даъват қилмоғи лозим. Аммо бугун қайсидир даврада шу ҳақда фикр билдирилса  аксарият ота-оналарда масалага дахлдорлик  билан эмас, аксинча ўз лоқайдликларини хастпўшлаш учун сизга: “Ҳозир замон жудда қийин бўляпти, тирикчилик учун югурмасанг бўлмаса!”, “Катта бўлса йўлини топиб кетади”, “Нима қилай болаларим ейман, ичаман дейди, кийим кечагини айтмайсизми, бизга осон эмас...”, “Ҳа энди ўзи омон бўлса, тарбияси бир гап бўлар...” деб жавоб беришади.

“Ҳа энди ўзи омон бўлса, тарбияси бир гап бўлар...” Ахир бундай бепарволик миллатнинг маънавий таназзулига олиб бормайдими?

Бугун мазкур масалани ҳар бир ота-она бу борада олиб бораётган ишларига бир назар ташлаб кўришлари лозим. Зеро, илм-фан ва таълим изчил ривожланиб бораётган бир даврда ҳеч шак-шубҳасиз тарбия таълимнинг асосида туриши шартдир. Шундай экан, илм-фан таълим-тарбия асосида олиб борилиши мақсадга мувофиқдир.

Қолаверса ота-оналарни фарзанд тарбияси масъулияти тўғрисида Конституциямизнинг 64-моддасида ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар, деган қоида мустаҳкамлаб қўйилган.

Бундан ташқари, фарзандининг тарбияси билан қизиқмаган, етарлича ғамхўрлик кўрсатмаган ота-оналар Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 47-моддаси билан айбланадилар.

Эътибор қилиб қараладиган бўлса, унда “ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар”, дейилган моддага бу ерда икки мажбурият бор. Бири - боқиш, иккинчиси - тарбиялаш. Бизда бола боқиш муаммоси, яъни боламга нима едириб-ичирсам экан, деган муаммо йўқ. Бунинг тасдиғига мамлакатимизда ҳар икки оиланинг бирида ўз шахсий автомашинасига эгалиги, АҚШнинг Калифорния университети олимлари ўтказган тадқиқотларда жаҳоннинг энг бахтли 158 та мамлакати орасида Ўзбекистонимизнинг 44-ўринга чиққанининг ўзи жавоб.

Бироқ иккинчи мажбурият - тарбиявий мажбуриятни таъминлашда ота-оналар кўпроқ муаммога дуч келмоқда. Яъни, пули кўп, бироқ болани қандай тарбиялаш керак, деган саволларга жавоблари - кам. Уларда педагогик компетентлилик - билим, кўникма, малака, хоҳиш етишмаётгани сезилмоқда деб такидлайди педагогика фанлари доктори, профессор М.Қуронов ўзининг “Бугун ҳар бир ота-она педагог бўлиши керак” деб номланган мақоласида.

Демак бугунги кунда ота-оналар кўпроқ тарбиялаш мезонлари ва методлари ҳақида ўйлашлари лозим.

XXI асрда баркамол фарзанд тарбиясининг негизи сифатида оила         (ота-она), мактаб (педагог), маҳалла (қўни-қўшни, нуронийлар, маҳала фаоллари), ижтимоий муҳит (тенгқурлари, атрофидаги инсонлар) ўз мавқеини сақлаб қолаверади.

Шахсни тарбиялаш қуйидаги манбалар асосида амалга оширилиши мумкин:

  • муайян тизимли, узлуксиз тарбиявий, дастурий таъсир орқали;
  • идеал, намуна тимсолида ўз-ўзини тарбиялаш, такомиллаштириш;
  • ижтимоий муҳитдаги шахслараро муносабатда таҳлил қилиш, ибрат олиш воситалари ёрдами билан хулқ-одоб, фикрлаш малакаларини эгаллаш;
  • аждодларимиз яратган бадиий, фалсафий, санъат асарларини ўзлаштириш орқали янги хислатларни ўзлаштириш кабилар.

Бугун ҳар бир ота-она педагог бўлиши, тарбия методларини пухта ўзлаштирмоғи лозим, чунки  фарзанд таълим-тарбиясига тикилган сармоя - энг яхши ишончли сармоядир.

Педагогика фанлари доктори, профессор М.Қуронов ўзининг “Бугунги ҳар бир ота-она педагог бўлиши керак” деб номланган мақоласида бугунги ота-оналарнинг фарзанд тарбиялашдаги таъсирчан методлар тўғрисида қуйидаги қарашларини илгари суради. Жумладан олимни таъкидлашича фарзанд тарбиясидаги энг таъсирча метод бу- ўргатиш методи. Чунки унинг ичида тушунтириш ҳам бор, суҳбат ҳам бор, кўрсатиш ҳам бор, айтиш ҳам бор, намуна ҳам бор. Бу методнинг қадр-қимматига икки мисол келтираман. 1/ Пайғамбаримиз (с.а.в.) айтадилар: “Албатта, кишининг фарзандига одоб ўргатмоғи(таъкид бизники.(М.Қ.) бир ўлчам нарсани садақа қилмоғидан кўра яхшироқдир” 1 . 2/ Бу усулнинг ХХI асрдаги моҳияти Президентимиз айтган қу­йидаги педагогик ҳикматда яққол кўриниб турибди: “Маънавият тарбиянинг энг таъсирчан қуроли экан, ундан оқилона фойдаланиш, болаларимизни ватанпарварлик, ростгўйлик, ҳақсеварликка ўргатиш керак бўлади...”.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, оилада фарзанд тарбияси - оила бахти, фарзандларнинг  тарбияли  етук инсон бўлиб етишидаги ота-онанинг саъй-ҳаракати ҳисобланади. Оиладаги фарзанд  тарбияси  унинг  келажакда ким  бўлиб етишишида муҳим ўрин тутади.  Демак, бола оилада жамиятнинг қиёфасини кўради, бўлажак фуқаронинг табиати, дунёқараши ва  ахлоқий  қиёфаси оилада шаклланади ҳамда шунга кўра камол топиб боради.

Фарзандларимизни илм-фан ва таълим-тарбия асосида вояга етказиш мақсадга мувофиқ, ўз ўрнида тарбия маънавият билан чамбарчас боғлиқдир. Зеро, ёшлар келажак эгалари ҳисобланади. Ёшларимиз маънавий камолотида эса маънавий тарбия катта аҳамият касб этади.

Энг муҳими, фарзандларимиз тарбиясига этиборли бўлайлик, айнан шу мезон болаларимизни маънан ва руҳан соғлом, ота-боболарига, тарихимизга, Ватанимизга, она тилимизга, ўз миллий қадриятларимизга ҳурмат билан қарайдиган баркамол бўлиб ўсиб унишининг асосидир. Қолаверса мазкур маънавий индикаторлар оила бахтини, мустаҳкамлиги ва аҳиллигини таъминловчи маънавий омил ҳисобланади.

Хазрат Жабборов – Республика Маънавият ва маърифат маркази, Миллий ғоя ва мафкура тадқиқотларини ташкил қилиш бўлим бошлиғи, психология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

← Нашрлар рўйхатига қайтиш