Жасоратли, матонатли ота-боболаримизга садоқатли бўлиш ватанпарварлик бурчимиздир!

Яқин кунларда барча тинчликсевар халқлар инсоният тарихида энг даҳшатли ва қонли уруш яъни, фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини тантанали кутиб олиш арафасида. Иккинчи жаҳон урушида ўз матонати, жасорати ва қаҳрамонлигини намоён этган ўзбек халқи ҳам ушбу санани умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлашга ҳозирлик кўрмоқда.

Ушбу “қонли уруш”да Ўзбекистоннинг 1941 йилдаги 6,5 миллион аҳолисидан 1,5 миллионга яқини жангавор сафларда туриб фашизмни яксон қилиш учун мардонавор курашдилар, жанг майдонларида ўзларининг жасоратларини, матонатларини, мардликларини кўрсатдилар. Булар бизнинг мард ва ботир ота-боболаримиз, авлод-аждодларимиз, миллатимизнинг фахри бўлиб, уларнинг қанчадан-қанчаси ватан тинчлиги, хотиржамлиги учун жон олиб жон бердилар.

Ўзбек халқи азал-азалдан инсонпарвар, ватанпарвар-халқ. Бунинг тимсоли Иккинчи жаҳон урушида  вояга етмаган, ёши улуғ минг-минглаб ватандошларимиз кўнгиллилар сафида Ватан ҳимояси учун  қаҳрамонона жангга кирганларида намоён бўлди. Жанг майдонларида миллион-миллион одамлар шу жумладан, бизнинг минг-минглаб ота-боболаримиз қаҳрамонларча ҳалок бўлдилар. Бундай даҳшатли уруш оловидан соғ-омон чиққан  ота-боболаримизнинг аксарияти эса ногирон, ярадор бўлиб уйларига қайтдилар.

Албатта, ғалаба фақат жангу жадаллар билан қўлга киритилмайди. Бунинг учун барчанинг бир мақсад сари ҳамжиҳатлиги, бирлашиши, метин ирода билан меҳнат қилиши талаб этилади. Шу сабабли бутун Ўзбекистон халқи жанг майдонларида ҳамда фронт ортида ҳамжиҳат бўлдилар. Мамлакатимизнинг 22 фоиз аҳолиси Ватан озодлиги учун уруш ўчоғида қаҳрамонлик кўрсатган бўлса, қолган қисми эса фронт ортида фидокорона меҳнат қилиб, улар учун ҳарбий техника, иссиқ кийим-кечак, озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериб, ғалабага ўзларининг беназир ҳиссаларини қўшдилар.

1941-1945 йилларда Ўзбекистондаги уруш ортидаги ҳаёт ҳақиқий меҳнат фронтига айланди. Уруш ўчоқларидан Ўзбекистонга эвакуация қилинган юздан ортиқ завод ва фабрикаларда 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган фуқаролар жипслашиб, бирлашиб кунни кун, тунни тун демасдан фидокорона меҳнат қилишиб, фронт учун, жангчилар учун турли маҳсулотлар етказиб бердилар. Ушбу меҳнат фронтида хотин-қизларнинг жасоратлари, матонатлари, кучли иродалари ғалабани қўлга киритишда муҳим омил бўлди.

Айниқса, ўзбек аёлларининг Иккинчи жаҳон уруши йилларидаги сабр-тоқати, метин иродасига тан бермасликнинг иложи йўқ. Чунки, мамлакатимиздаги ҳар бир оила оғир синовлар, жабр, азоб-уқубатлар гирдобида қолди. Урушда турмуш ўртоғи, фарзандлари, ака-укаси ёки қариндош-уруғларини йўқотмаган биронта аёл ёки она қолмаган бўлса керак.

Қанчадан-қанча йигитларимиз гўшангага кирмасдан, фарзанд кўрмасдан даҳшатли уруш қурбони бўлдилар. Қанча оналаримиз турмуш ўртоғи ва ўғилларидан айрилдилар. Бизнинг онахонларимиз бундай оғир мусибатларни ҳам шукроналик, сабр-бардош, метин ирода билан мардонавор енгиб ўтдилар.Улардаги бундай маънавий-ахлоқий хусусиятлар Янги Ўзбекистон хотин-қизлари учун ҳақиқий наъмуна мактаби бўлиб хизмат қилади.

Даҳшатли уруш миллионлаб одамларнинг ястиғини қуритди, тинч ва бахтли ҳаётидан жудо қилди, яшаб турган Ватанини ташлаб кетишга мажбур этди. Бундай оғир вазиятда халқимизга хос бўлган бағрикенглик, меҳмондўстлик, сахийлик ва саховатлилик каби   маънавий қадриятлар янада яққол намоён бўлди. Яъни, саховатли халқимиз уруш йилларида оғир аҳволда яшашига қарамасдан, уруш ўчоғи бўлган жойлардан ота-онасидан айрилган турли миллат болаларини, бошпанасиз қолган аёлларни, кексаларни, беморларни ўзбек оилалари ўз бағрларига олдилар, хонадонларидан жой бердилар, кийим-кечак, озиқ-овқат, барча зарур нарсалар билан таъминладилар. Масалан, биргина темирчи Шоаҳмад Шомахмудов ва Баҳри ая Акромовалар 14 та турли миллат болаларини асраб олганлиги, уларни ўз фарзандлари сингари боққанлиги, тарбиялаганлиги ўзбек миллатининг болажонлиги, инсонпарварлигидан бир наъмунадир. Республикамизнинг ҳар бир ҳудудида бундай бағрикенг, саховатпеша  инсонлар сон-саноқсиздир. Халқимизга хос бундай бағрикенглик ҳам Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалаба учун муҳим омил бўлди.

Иккинчи жаҳон урушида ота-боболаримиз кўрсатган жасорат, қаҳрамонлик, ватанпарварлик 75 йилдан буён ёшларимизни шу руҳда тарбиялашга хизмат қилиб келмоқда. Улар бизнинг бугунги фаравон, бахтли ҳаётимиз учун мустаҳкам тинчлик пойдеворини қўйганлар.

Биз даҳшатли уруш ўчоғида ва фронт ортида халқимиз тинчлиги, Ватанимиз гуллаб-яшнаши учун жасорат кўрсатган, миллатимиз фахрига айланган азиз отахонларимиз, онахонларимиз олдида таъзим қиламиз. Халқимиз, юртимиз, келгуси авлодлар бахтига умрлари узоқ, сиҳат-саломат, ҳаётлари қувончларга тўлиқ бўлсин.

Бунинг учун Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан кекса авлод, аввало, фашизм устидан қозонилган ғалабага ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшган уруш ва меҳнат фахрийларига жуда катта эҳтиром кўрсатилмоқда. Уларнинг бахтли-саодатли яшашлари, узоқ умр кўришлари, мамлакатимиз ёшлари учун наъмуна мактаби бўлишлари учун барча шарт-шароитларни яратиб бермоқдалар. Юртбошимизнинг бундай ғамхўрликларига жавобан юртимизнинг барча фуқаролари жасоратли ва матонатли, миллатимиз фахри бўлган нуроний отахонларимиз ва онахонларимизни асрайлик, авайлайлик, қадрлайлик, орзуларини ҳақиқатга айлантирайлик. Ватан озодлиги йўлида жонларини фидо қилган юртдошларимизни Аллоҳ раҳмат қилсин, охиратлари обод бўлсин.

Азиз юртдошлар! Барчангизни Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги билан муборакбод этиб, ушбу умумхалқ байрамида барчага тинчлик-хотиржамлик, фаровон ҳаёт, Ватан равнақи йўлида зафарлар тилаймиз.

                         Ойниса Мусурманова,

“Маърифат”тарғиботчилари жамияти аъзоси,

педагогика фанлари доктори, профессор

← Нашрлар рўйхатига қайтиш