Ғалабанинг 75 йиллигига бағишланади!

1941-1945 йиллар  Ўзбекистон  ҳам фронт ичида ҳам фронт ортида мардонавор жанг қилган.  Фронт ичида навқирон ўзбекистонлик аскарлар мардонавор жанг олиб борган бўлсалар, фронт ортида кучли ижтимоий ҳимоя йўлга қўйилган.  Уруш оқибатида юзага келган ижтимоий муаммолар болалар ва аёлларнинг аҳволини оғирлаштирганлиги сабабли  Ўзбекистон урушнинг “бегуноҳ” қурбонлари – болаларга меҳр-мурувват, саховат     кўрсатган.   

Ўша вақтда  нафақат   алоҳида болалар ёки аёллар эвакуация  қилинган,    балки кўплаб болалар  муассасалари бутунлай кўчириб келтирилган. Уларни  қабул қилиш ҳамда ижтимоий ҳимояга олиш республика ҳаётининг уруш йилларидаги асосий фаолиятига айланган.

 Эвакуация қилинган  болалар учун мактаб-интернатлар очилган ва болалар уйлари (ҳозирги “Меҳрибонлик уйлари”) сони кескин кўпайтирилган.   Уруш йиллари Ўзбекистонга нафақат собиқ Иттифоқ республикаларидан балки Европанинг айрим давлатларидан ҳам  минглаб етим қолган болалар ва оғир аҳволга тушган  аёллар, қариялар олиб келинган.  

1941 йилда Тошкентда Зуев ва Пастки Қрим болалар уйининг тарбияланувчилари жойлаштирилган.  Поп туманидаги энг зўр мактаб болалар уйига айлантирилган, бироқ керакли жиҳозлар: кроват, кўрпа-тўшак, ёстиқ, кийим-кечакларнинг барчасини маҳаллий аҳоли олиб келиб берган. Шунингдек, Тошкентда  Белоруссия болалар уйи, Гудаклар уйи  ва  бир нечта  болалар  уйлари   фаолият юритган.

Архивларда Тошкентдаги Гўдаклар уйининг 1941- 1942 йиллардаги кайднома китоблари сақланиб қолган. Унда Кенгаш номига тушган “болаликка олиш” ҳақидаги аризалар учрайди. Гўдаклар уйида бундай аризалар 1941 йил январь-сентябрь ойларида 11та, ноябрь ойида 32 та, декабрда 79 та, 1942 йил январь ойида эса 86 тага етган. Ўша йилларда Тошкент шаҳрида   вояга етмаганларни қабул қилиш ва уларни болалар уйларига жойлаштириш маркази ташкил килинган.  Тошкент вилоятининг Калинин туманидаги 2-сонли болалар уйи Одесса ва Луганск шаҳрининг иккита болалар уйи тарбияланувчиларини қабул қилган. Москва, Одесса ва Воронеждан кўчириб келтирилган 4 та ҳарбий-мусиқа мактаби ҳам болалар уйига жойлаштирилган. 1942 йил Янгийўл туманида янги болалар уйи ташкил килинган.  

Ўзбекистонга, жумладан, Самарқандга Европа давлатларидан ҳам
21-сонли Польша болалар уйи ва испан ёшлари кўчириб келтирилган. “Фронт кундалиги” асари муаллифи, машҳур румин публицисти ва ёзувчиси Харламб Зинке ҳам уруш йилларида Ўзбекистонга 18 ёшида эвакуация қилинган эди. У Самарқандда колхозчи Абдурасул Жўраев оиласида яшаган.

1944 йил ноябрь ойидан Тошкентда кўчириш маркази фаолият юритган ва унда болалар уйи раҳбарлари навбатчилик қилишган. Болаларни кўчириш жараёни ҳам хавфсиз эмас, чунки болалар ҳафталаб йўлда бўлишар, улар орасида дизентерия ва тери касалликлари кенг тарқалар эди. Шунинг учун болалар икки ҳафта мобайнида врачлар назорати остида бўлишар ва фақат шундан кейингина турли болалар уйларига жўнатилар эдилар.

Бу йилларда кўпчилик  оилалар  кўчириб келтирилган болаларни  ўз оилаларига тарбияга олишган.   Барчага тошкентлик темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудов ва унинг хотини Баҳри аянинг жасорати маълум. Улар турли миллатдаги 14 болани ўз оилаларига қабул қилишган. 1942 йил августда “Правда” газетасида А.Толстойнинг Ўзбекистонда амалга оширилаётган ижтимоий ҳимоя, меҳр-оқибат ва саховатпеша инсонларнинг хатти-ҳаракатларидан олган таассуротлари ҳақидаги мақоласи (“Самоотверженность”) эълон қилинади. 

Уруш даврида болалар уйлари  тармоғи ва улардаги тарбияланувчилар сони муттасил ошиб борган. 1945 йил охирига келиб республикада 267 та болалар уйи мавжуд бўлиб, уларда 31000 нафар бола тарбияланган.  Бу болаларнинг асосий қисмини   эвакуация қилинган  болалар ташкил этган. Кўчириб келтирилган болалар ва аёлларга  ижтимоий  ёрдам кўрсатиш мақсадида  улар иссиқ овқат,  дарсликлар,  дафтарлар,  кийим-кечак  билан таъминланган. Мактабдан ташқари болалар муассасаларининг бинолари кўчириб келтирилган ташкилот ва корхоналарга ётоқхона қилиб  берилган. Уруш якунланганидан сўнг кўпгина  болалар ва оилалар ўз юртларига қайтишган, аммо кўпчилик болалар ва оилалар ўз хоҳишлари билан Ўзбекистонда қолганлар. Ўша машъум йилларда меҳр-мурувватли,  саховатпеша  Ўзбекистонликлар  фронт ортидаги олийжаноб ҳаракатлари  билан  душманга қарши  мардонавор курашдилар.  Қанча-қанча  инсонларнинг нафақат ҳаётини  сақлаб қолдилар, балки уларнинг ҳам маънан ҳам руҳан юксалишлари учун  шарт-шароит яратиб бериб, ғалабага улкан ҳиссаларини қўшдилар. 

Нодира Эгамбердиева,

“Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоси,

педагогика фанлари доктори, профессор

← Нашрлар рўйхатига қайтиш